АТТО транспорт карталарини ишлатиш ёки ишлатмаслик фойдаланувчиларнинг ўз ихтиёрида(ми)?
"Банк карталари орқали амалга оширилаётган тўловлар эса бироз ўзгача механизмда ишлайди. Транзакция хақида маълумотни АТТО тизими карта тегишли бўлган банкка сўров қилиб жўнатади, маблағ етарли эканлиги хақида қайта маълумотни олгач, тизим орқали муваффақиятли тўлов ўтказилади.
Агар банк томонидан сўровга жавоб ўз вақтида қайтмаса ёки картада маблағ етарли бўлмаса, карта вақтинчалик блокланади, токи банк томонидан сўровга ижобий жавоб қайтмагунча".
Бу метро ва автобусларда Ҳумо карталари билан тўлов амалга оширишда муаммолар мавжудлиги борасидаги эътирозларга АТТО тизимининг расмий жавобидан иқтибос.
Муаммо шундаки, тўловлар билан муаммолар юзага келганида ва карта блокланганида картада маблағлар етарли бўлган. Бошқа йўловчиларда ҳам муаммо шу. Демак, карталар асосан сўровга жавоб ўз вақтида қайтмагани учун блокланмоқда. Лекин бунинг учун йўловчилар жазоланмаслиги керак.
Нима учун АТТО тизимининг ҳал қилинмаган ички техник муаммоси учун Ҳумо картаси эгалари бўлган йўловчилар картани блоклаш орқали жазоланиши зарур, компания жавоб бермаган.
Ҳа, дарвоқе, блокланган карталарни блокдан ечиш учун унча қийин бўлмаган ечимлар мавжуд. Ҳар бир метро бекатида инфокиоска. банкомат, инфотерминалллар ўрнатилган. Мана шу қурилмаларга банк картасини блокдан чиқариш иловасини киритиб қўйиш ва йўловчиларга бу ҳақда эълон қилиб қўйиш ҳам кифоя бўларди. Қийин иш эмас. Лекин бунинг учун хоҳиш керак. Хоҳиш йўқми, демак, буларнинг барчасини АТТО карталаридан фойдаланишга сунъий равишда мажбурлов сифатида баҳо беришда давом этиш учун йўловчи сифатида ҳаққим бор.