Ўзбекистонликлар Абдулазиз Комиловни изламоқда
"Ҳаммада шу савол. Бизда бирор маълумот бўлганда ўзимизнинг каналга ҳам жойламоқчи эдик. Лекин бу ҳақда маълумотлар йўқ".
Тўғриси, Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамасига турли танаффуслар билан 28 йил давомида алоқадор бўлган, керак бўлса, унинг юзига айланган Абдулазиз Комилов қаерда экани ва вазирлик келажаги ҳақида бундай жавоб айтилиши ҳар қандай фикрловчи одамни ўйга толдиради.
Албатта, Комилов тўғрисида ўзбекистонликлар маълумот сўрашга ва батафсил жавоб олишга ҳақли. Балки ташрифни ёритиш учун бир самолет бўлиб Қашқадарёга йўл олган журналист ва блогерлар ўрни ва фурсатини топиб Давлат раҳбарига ҳам савол берар, чунки янги даврда шаклланган анъаналарга кўра, айрим қалтис саволларга жавобни Давлат раҳбари муносабати маълум бўлгандан кейингина олиш мумкин.
Дарвоқе, Ташқи ишлари вазирлиги борасида, аниқроғи унинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига қўшиб юборилиши мумкинлиги ҳақида. Агар шундай бўлса, бу жуда иррационал қадам бўлади. Гап Комилов ва Умурзоқовда ҳам эмас. Ташқи сиёсат маҳкамаси ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида қарор қабул қилиш маркази битта бўлиши принципиал хатоликлар яратади: Ташқи сиёсат давлатчиликнинг узун позицияларида қурилади, қисқа манфаатлардан кўпинча воз ҳам кечилади. Қисқа ютқазиқларга кўз юмилади. Ташқи иқтисодий алоқаларни шаклланишида эса бугунги плюслар, жорий вазифалар муҳим. Улар қўшилса, диалектика йўқолади. Ташқи сиёсатда баҳоси, қиймати йўқ қатъий позициялар ва принципларнинг прагматизмга осонгина алмашиниб кетиши пировардида мамлакат суверенитетини емиришни бошлайди.
Ўзбекистонликлар Абдулазиз Комиловдан эшитган охирги баёнот шу:
"Биринчи навбатда ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур. Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олмадик".
Комилов ва вазирлик тақдири тўғрисида аниқлик киритилмас экан, ғалати сукунат ва сиздирилаётган ўзгартиришлар сабабини кўпчилик шу принципиал баёнот билан боғлашда давом этаверади. Хусусан, мен ҳам.