Muhrim / Муҳрим kanalidan
Зеленскийнинг маслаҳатчиларидан бири Алексей Арестович (ўша, ҳозирги уруш худди ҳозирги кўринишида Россия томонидан бошланишини 2019 йилда деярли аниқ-тиниқ айтиб берган Арестович) “Медуза”га катта интервью берибди. Суҳбатнинг уруш бошида марказлашган ва марказлашмаган бошқарув тизимлари қанчалик самарали ишлагани ҳақидаги қисми айниқса ёқди. Арестович айтяпти:
“Бизда вазиятни қўрқиш кераклигини билмаганлар сақлаб қолди: улар Россия танкларини хотиржам ўққа тутди, самолётларини бамайлихотир уриб туширди. Агар биз европача ислоҳотларни ўтказишга улгурган марказлашган давлат бўлганимизда, менимча, аллақачон ютқазган бўлардик. Аммо биз севимли украинча ‘бардак’ (тартибсизлик)имизда қолдик, шунинг учун ҳам марказий ҳукуматнинг буйруғисиз урушиш мумкин эмаслигини биров билмасди…
“Россияча урушиш услуби қандай? Чорраҳага кириб борасан, у ерда 60—90 та ёниб кетган техника турибди, ҳаммаёқда ўликлар бурдаланиб, сочилиб ётибди — сен бўлсанг барибир чорраҳага кириб келиб, у ерда турибсан. Сенга қарата ўт очишяпти, сен бўлса барибир тураверасан. Чунки Москвадаги штаб раҳбарияти ‘мана шу чорраҳага бор’, деб айтган ва улар ўша ерга кетма-кет кириб бораверишади. Россияликлар ҳаддан ташқари, ўта кетган даражада марказлашган”.
Украина “72 соат ичида қуламагани”, икки ойдан бери Россия ҳамласига туриб бера олаётганининг сабабларидан бири айнан марказлашмаган бошқарув тизими эканини бошқа кўплаб кузатувчилар ҳам таъкидлаган эди. Яъни, ҳудудлар ҳам, ҳудудлардаги қўмондонликлар ҳам қарор қабул қилишда эркин; албатта, қарорлар Киев билан мувофиқлаштириб турилади, лекин вазиятдан келиб чиқиб, улар ўзи ҳаракат қилади. Бу, менимча, жуда қизиқ, мушоҳада қилиб кўришга арзийдиган ҳолат.
Шундай тушундимки, россияликлар ўлимдан ҳам кўра раҳбарнинг кўрсатмасини бажармаслик, шунингдек, вазиятдан келиб чиқиб, мустақил қарор қабул қилишдан кўпроқ қўрқади (“Нега мен масъулиятни ўзимга оларканман? Ўзбошимчалик қилди деб, авахтага тиқишлари учунми?”). Шу жойи таниш кўринди: бизда ҳам шундай-ку, масъуллар “тепадан кўрсатма” бўлмагунча, ўзича мустақил қарор қабул қил(ол)майди, бунга ваколати ва имконияти бўлса-да. Қўрқади. Афтидан, ташаббускорларни “бошсиз чавандоз”га айлантиравериб, ҳаммани қўрқитиб ташлашган (камига, жамоатчилигимизнинг ўзи мустақил ҳаракатланишга интилаётган масъулларни дастлаб масхара қила бошлайди — чунки улар ҳам бунақа манзарага ўрганмаган-да).
Аммо қонун билан белгиланган ҳуқуқ, мажбурият ва ваколатлар доирасида мустақил ҳаракат қилиш четдан жуда чиройли кўринади (фақат чиройли кўрингани учунгина шундай қилиш керак, демоқчи эмасман, албатта). Ҳокимият вакилига нисбатан ишонч уйғотади бу. “Ишини биларкан, қойил”, дейди одамлар (оддий ҳақиқат-ку булар). Сардоба воқеаларида кўргандик шекилли мустақил ҳаракатланиш самараларини? Январдаги блэкаутда ҳам масъул ташкилотларимиз “тепа”дан кўрсатма ва топшириқларни кутиб ўтирмай, айнан мустақил ҳаракат қилгани, шундай ҳаракат қилишга интилгани учун вазият янада оғирлашиб кетмаганини кўпчилик тан олди, шекилли, шундай эмасми?
Эркинлик — самарали.