16K187Telegramda ochish

Muhrim / Муҳрим kanalidan

“Медуза” кўзга кўринган ҳарбий таҳлилчилардан бири — Роб Лидан интервью олибди. Уруш икки ярим ойдан бери давом этяпти, бу орада Россия ва Украина армияси аҳволига доир минглаб маълумотлар эълон қилинди. Таҳлилчининг иши — шу маълумотлар асосида вазиятга баҳо бериш. Таҳлилчи Россияни ёмонламайди, Украинани мақтамайди — борини борича айтади (бори эса, бахтга қарши, путинпарастларга ёқмаслиги мумкин). Қуйида — Роб Ли иқтибослари: • Киев учун жанг тугади — бу Россиянинг энг дабдабали ва энг эришиб бўлмас мақсади эди; • Воқеалар қандай ривожланиши ҳозирча тўла тушунарли эмас, Россия ўзи босиб олган ҳудудларнинг аксариятини ўз қўлида сақлаб қола билади, деб ўйламайман; • Ҳозир Путиннинг эҳтимолий ҳар қандай қарори таваккалчиликлар билан боғлиқ. Масалан, сафарбарлик эълон қилса, бу қарор жиддий ички сиёсий хавфларни келтириб чиқаради; • Сафарбарлик эълон қилмаса, Россия урушни ҳозирги ҳолатда ҳатто кузгача ушлаб туриши даргумон. Россия армияси оғир йўқотишларга учради ва қўшинларини йўқотишда давом этади. Бундай шароитда Украина қандайдир жиддий ён беришларга рози бўлади, деб ўйламайман. Украина низо деэскалациясига, бу таклиф ҳатто Россия томонидан берилса ҳам, рози бўлиши аниқ эмас. Назаримда, бу ҳолатда Украина, эҳтимол, Донбассни — ҳатто 24 февралгача Россия назорати остида бўлган ҳудудларигача қўшиб — қайтариб олиши ҳам мумкин; • Воқеалар ривожининг санаб ўтилган ҳеч бир варианти Путин учун яхши бўлмайди. Яқин вақт ичида кузатилиши мумкин бўлган эҳтимолий вазият — ҳозир бўлаётганига ўхшаш жараённинг давом этишидир. Келаси ой давомида фронт чизиғи сезиларли сурилмайди, бироқ артиллерия воситасида фаол ўққа тутишлар давом этади; • Россиянинг муаммоси шундаки, агар у ўзининг барча ҳарбий кучларини бир жойга жамлаб, урушнинг дастлабки икки ҳафтасида қўққисдан ҳужум қилиш самарасидан фойдалана билганида, шунингдек, ўз қўмондонлигининг тўлиқ имкониятларини ишга сола билганида эди, эҳтимол, каттароқ муваффақиятга эриша олган бўларди; • Урушнинг бошидаги асосий муаммо — Россия ҳарбий қисмларининг аксариятига улар урушга юборилиши олдиндан айтилмагани бўлди; • Яна бир муаммоли жиҳат — босқин режаси бир вақтнинг ўзида бир неча ҳужум йўналишларини қамраб олганди, бунча йўналиш логистикасини бир вақтнинг ўзида таъминлаб туриш оғир; • Россия қўшинлари унчалик ҳам яхши қуроллантирилмаган. Масалан, улар ҳали ҳам анча эскириб қолган Т-72 танкларидан фойдаланмоқда. • Масала Россиянинг танклари қанчалик кўплигида эмас, бу танкларни қанчалик самарали ишлата билишади — шунда. • Россияда юқори аниқликда нишонга олувчи қуроллари деярли йўқ, бомбардимонлар бошқарилмайдиган ракеталар воситасида амалга оширилмоқда; • Сафарбарликнинг эълон қилиниши Россияга урушни давом эттириш имконини беради, аммо ҳужум операцияларини амалга оширишга ёрдам берадими-йўқми, буниси номаълум. Сафарбарлик эълон қилингач, босиб олинган ҳудудларни ушлаб туриш, фронторти ишларини бажариш имкони пайдо бўлади, аммо бу урушни ғалаба билан якунлаш имконини бермайди; • Ҳозир Россия қандайдир ҳудудларни эгаллади, аммо бу оғир, давомли жангларнинг натижаси, анча қимматга тушди. Россия бу урушда яна нимадир юта оладими-йўқми, буниси менга тушунарсиз, аммо у йўқотишларга учрашда давом этиши аниқ. Устунлик ҳозир Украина тарафда; • Ҳозирги вазиятдан келиб чиқилса, Россия Донбассдаги босиб олинган ҳудудларни ҳатто бир йил ҳам сақлаб тура олмаслиги мумкин; • Ҳозирча якуний хулосалар чиқариш имконсиз. Россия армияси муаммоларининг катта қисми қўшинлар урушда қатнашишларидан бехабар бўлганликлари ва бунга тайёргарлик кўрмаганликлари билан боғлиқдир; • Тушунишимча, Россия қўмондонлигида урушнинг биринчи ҳафтаси давомида Украинада жиддий қаршиликка дуч келмаймиз, деган фикр бўлган; • Назаримда, Путин ҳақиқий аҳволни тушунмаган ва Украинанинг бундай қаршилик кўрсатишини кутмаган. Россия қўшинларининг ҳозирги оғир аҳволи — улар имконсиз вазифасини бажаришга урингани ва урушни режалаштириш учун етарлича вақтга эга бўлмагани билан боғлиқ.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin