Ўзаро боғлиқ икки хабар: Москва биржаси сўмда битимларни йўлга қўймоқчи, АҚШ Россияга ёрдам бермоқчи бўлган банкларни жазоламоқчи
Уруш бошлангач, валюта майдончаларида савдо ҳажми каррасига қисқариб кетган Москва биржаси битим ўтказиладиган валюталар қаторига сўмни ҳам қўшмоқчи. Албатта, амалда сўмдаги конверсион операциялар ҳажмда ҳам, сонда ҳам экзотик характерга эга бўлади. Лекин асосийси бу эмас, асосийси санкциялар шароитида сателлит давлатлар кўмагида параллел импортни ташкил этишга имкон берадиган дарчалар ҳосил қилиб олиш.
АҚШ, Европа ва уларнинг иттифоқчилари бу уринишларни назардан четда қолдиришаётгани йўқ, санкцияларни айланиб ўтишга уринишлар бўйича мониторинг ҳар галгидан ҳам кучайган. Аввалроқ ғарб молиявий назорат органлари турли норасмий каналлар ва мулоқотлар воситасида Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам учун жазо муқаррарлигини эслатиб келган бўлса, бу сафар очиқ, расмий каналлар воситасида огоҳлантиришлар янграмоқда.
АҚШ Молия вазирлиги санкцияларга тушган жисмоний шахслар ёки ташкилотларга ёрдам берганларга чекловлар қўллаши ва таъқиб воситаларидан фойдаланиши мумкинлигини нафақат эслатмоқда, балки банклар ўз ҳамкорлари ва мижозларидан россиялик олигархлар ёки корхоналарни қўллаб-қувватламасликларини талаб қилиши лозимлигини уқтирмоқда.