"Дев акамизни безовта қилмасак, бизга тегмайди" қоидаси Россия мисолида ишламайди
Уруш бошлангандан буён Грузия ҳукумати иложи борича Россияни хафа қилмасликка, жиғига тегмасликка уриниб келди. Россияга қарши санкцияларга қўшилмади, ҳаво ҳудудини Россия учун ёпмади. Бетарафлик учун нима талаб қилинса, ҳаммасини қилди.
Ҳатто президент Зурабишвилининг урушни қоралаш, Украинага ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича баёнотларидан кейин ҳукумат президент ўз ваколатларини суистеъмол қилганликда айблаб Конституцион судга бермоқчи бўлди.
Ўтган куни бош вазир Гарибашвили Россияга қарши иккинчи фронт ҳеч қачон очилмаслиги, Россия билан тинчлик ўрнатиш асосий мақсад эканини яна бир бор таъкидлаганди.
Не тонгки, шунча баёнотлар, бетарафлик позициялари ва тинчлик сигналлари кор қилмади. Кеча Россия тарафидан 2008 йилда босиб олинган Жанубий Осетия (Цхинвали ҳудуди) 17 июль куни Россия таркибига қўшилиш учун референдум ўтказилишини эълон қилди.
Россияга нисбатан "умиротворение" режими ҳеч қачон натижа бермаслигини ҳаёт яна бир марта кўрсатди. Халқ тилида айтганда "дев акамизни безовта қилмасак, бизга тегмайди" қоидаси Россия мисолида 146- марта ишламади. "Дев ака" бошқасини ейиш билан бандлиги вақтида қочиб қолиш ёки девдан қутулиш чорасини кўриш кераклиги яна унутилди.
Қаранг, 30 йил аввал раҳматли Шавкат Раҳмон, ёвуз дев ҳақида хусусан нима деб ёзган:
Уйғонар дев,
не гўзал қушлар
димоғида инграб қайнайди.
Шерикларим бирма-бир ушлаб,
очқаган дев роса чайнайди.
Бир амаллаб қочаман ўзим,
яшринаман аллақайдадир.
Анча вақт дарбадар тўзиб,
қайтиб келдим дунё айланиб.
Қоратоғдай ухлаб ётар дев,
ит ва от ҳам ўша ҳолида,
қичқираман, шерикларим деб,
садо келмас —
бошлар солинган.
Ухлаётган девнинг ёнида
бошқа гуруҳ яшар семириб.
Чирик хашак — итнинг олдида,
тулпор эса — сўнгак кемириб.
Айни пайти, дейман уларга,
бари сўзлар ўзимга қарши, —
тошингни тер,
бу дев ухлаган,
бизга ўзи шундоғам яхши.