Апрель ойида Ўзбекистонга 1 миллиард доллардан ортиқ пул ўтказмалари келиб тушган. Бу барча даврлар учун рекорд
Марказий банк маълумотларига таянилса ва январь-март ойлари кўрсаткичлари билан солиштирилса, апрель ойида Ўзбекистонга жами 1,07 миллиард доллар ҳажмида пул ўтказмаси келиб тушгани маълум бўлади.
Бу нафақат охирги йилларнинг, барча даврлар учун бир ойлик пул ўтказмалари бўйича мутлақ рекорд ҳисобланади. Солиштириш учун, 2021 йил апрель ойида 0,57 миллиард доллар пул ўтказмаси келиб тушган эди.
Аввал ёзганимиздек, пул ўтказмаларининг кескин ошиши Россия ва Қозоғистонда ишлаётган қирғизистонлик ва тожикистонлик мухожирлар ҳам Ўзбекистонга пул ўтказаётгани туфайли юз бераётган бўлиши эҳтимоли юқори (қўшниларда пул ўтказмаларини долларда бериш бўйича тақиқ ва чекловлар, шунингдек рубль курсларида нисбий афзаллик мавжуд).
Регулятор келиб тушган пул ўтказмаларининг валюта таркибини келтирмаган, унда, бизнингча, рублдаги ўтказмалар миқдори кескин ошган бўлиши мумкин.
Пул ўтказмалари ҳажмининг кескин ошиши банкларга сотилган валюта миқдорини ҳам рекорд даражада оширган. Демак, апрель ойида Ўзбекистон банкларига 1,16 миллиард доллар валюта сотилган.
Шу кунларда тармоқларда пул ўтказмаларини нақд долларда олишда муаммолар юзага келаётгани ҳақида хабарларнинг айланиши кўпайган. Бир тарафдан, хусусан қўшниларнинг таъсири эвазига нақд доллар олишга талаб кескин ошган бўлса, иккинчи тарафдан банкларнинг хориждан нақд доллар келтиришга аввалгидан кўра кўпроқ вақт талаб этилмоқда.
- https://t.me/centralbankuzbekistan/6128@centralbankuzbekistan
- https://t.me/centralbankuzbekistan/5977@centralbankuzbekistan