Фақат негатив фикрларни қайд этаётганимни айтаётганлар учун шанба оқшомида ҳафтанинг битта позитив воқеасини ёзмоқчийдим. Бўлмади.
Позитив ўрнига мулк ҳуқуқи ва қонунлар ер билан битта бўлиб ётгани ҳақида маҳражи бир учта воқеликка тўхталмоқчиман.
Сурхондарёнинг Олтинсойида юз берган воқеалар ўрта асрларда зўравон феодаллар ва ҳақсиз деҳқонлар курашини эслатади. Таёқ, кетмон, тош билан мулкини ҳимоясига чиққан болалар, чоллар, ўсмирлар, аёллар ва 21-аср феодаллари.
Қурбонов.нет унинг маҳалласига ҳам гаражларни бузгани келишганини ёзмоқда. Бизнинг маҳаллада гаражлар бузилганига эса 3-4 йилдан ошди. Уларнинг ўрнига кўп жойда бўлганидек домлар қуриб ётишипти. Қурбоновнинг гаражи ўрни ҳам аллақачон сотиб олинган бўлса керак.
Билгичларнинг айтишича, Тошкент шаҳрида сотиладиган жойнинг ўзи қолмаган (Қурбоновнинг гаражи охиргиси бўлса керак) ва бу йил баҳорда шаҳар узра вертолетлар сотиладиган жой қидириб айланмайди. Генпланни тасдиқлашдан ўзга илож қолмаган ва шаҳарга янги қўшиладиган ҳудудлардан ер сотиш бошланади энди.
@the_bakiroo