Буни "ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси" дейишга, масалан, менинг тилим бормайди
Халқ таълими вазирлигининг Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ўқитувчилар формаси учун бюджетдан 15,7 млрд.сўм ажратаётгани борасидаги изоҳлари жуда қизиқ ва ғалати.
Вазирлик бу ҳаракатни "ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси" деб атаган ва ҳатто Тошкент шаҳар ҳокимиятига ғамхўрлик учун миннатдорчилик ҳам билдирган,
Билмайман, Халқ таълими вазирлиги ижтимоий ҳимоя деганда нимани тушунади. Лекин янги Ўзбекистонда одамларга товуқ тарқатиш, лимон кўчати тарқатиш, қорамол бериш - бу ижтимоий ҳимоя эмас. Бу давлат ва бюджет маблағларини каррасига қимматлаштирилган схемалар воситасида ўзлаштириш. Ўқитувчиларга бюджет ҳисобидан форма тарқатиш ҳам шу тоифадан, жуда узоқ эмас.
Ҳаёт жуда қиммат Тошкентда ўқитувчилар ростанам энг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам. Бу ҳақда кўп ёзганмиз. Агарда шаҳар ҳокимияти, вазирлик айтаётганидек, ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоясини истаганида, жон бошига 1 047 минг сўмдан тушаётган бюджет пулини ўқитувчиларга пул кўринишида тарқатган бўларди. Чунки нормал дунёда ижтимоий ҳимоя пул кўринишида берилади. Уч карра туя қилиниб, товуқ, қорамол, лимон, тикув машинаси, теплица ёки форма кўринишида эмас. Ўқитувчи истасин бу пулга ўзининг бичими ва хоҳишига кўра форма олсин, истасин фарзандига кийим олсин, истасин коммунал тўловларни тўласин. Мана бу ижтимоий ёрдам дегани. Ахир ўзингиз форма мажбурий эмас деб турипсизку.
Изоҳларнинг ғалати деганим бежиз эмас. Ўқиган одам тушунадики, неча марта форма мажбурий эмас дейилган бўлса, шунча марта матн давомида форма ихтиёрий-мажбурийлиги англашилади. Айтайлик, 15 минг педагог учун форма тиктирилди дейлик. Худди Шимолий Кореядагидек бир хил қилиб (пойтахтда ўқитувчилар асосан аёллар экани инобатга олинса, бир хил форма уларга икки карра жазо). Тасаввур қилдингиз-а. Ўзбекистондаги таълим тизими қанчалар вертикал формаллашгани ва диктат устига қурилганини инобатга олган ҳолда, ҳокимиятнинг 1 047 минг сўмлик формаси берилган ўқитувчи мактабга формасиз келса, дарсга қўйилади деб ўйлайсизми?
Саволни бошқача қўяман. Ҳокимиятдан мактаб формасини олган 15 минг ўқитувчи уни киймаса, ёқворса, поллатта сифатида ишлатворса бўладими? Агар шундай қилиш мумкин бўлса, бу қандай ижтимоий ҳимоя? Форма баҳонасида чўнтак воситачилар иштирокида бюджет пулини ўзлаштириш. Навбатдагиси. Кўприклар, майдонлар, кўчалар, счетчиклар буюртмаларига қаноат қилишмай, энди формага ҳам ўтишмоқчи. Булар ёрилиб кетишмагунча, ҳеч қачон тўйишмайди.
Айтайлик, Ҳокимиятдан мактаб формасини олган 15 минг ўқитувчи мактабга формани кийиб келиши керак. Дресс-код дейилади, маънавият дейилади, қисқаси, собиқ комсомол ва чирик коммунистлар албатта ном топишади. Лекин бу моҳиятан мажбурий бўлиб қолади. Мажбурий форма бўлади.
Тушундингиз-а.
Тошкент ҳокимлигининг бу тажрибасини бошқа вилоятлар ҳокимлари ҳам илиб кетиб давом эттиришса, вазирлик фақат хурсанд бўлса керак. Менга шундай туюлди. Ахир ҳамма шундай йўллар оқибатда барибир мажбурий формага элтади.
- https://t.me/uzedu/17766@uzedu
- https://t.me/the_bakiroo/5030@the_bakiroo