"Ақлли тартибга солиш" пайти келди
Эътибор берганмисиз, кўпинча янги қонун ё қонуности ҳужжатлар чиққанида ёки ишлашни бошлаганида кенг жамоатчиликда, соҳа мутахассисларида ва ҳатто ташаббускорларда ҳам эътирозлар пайдо бўлади.
Мақталган янги қоидалар ишламаяпти, ҳаммага зиён келтираяпти, эшагидан тушови қимматга тушаяпти, қонун қабул қилишдан аввал ўрганишганми ўзи, қабилидаги норозиликларга айниқса эмин эркин гапириш мумкин бўлган янги замонда кўп дуч келамиз.
Халқимиз бундай қонунларни содда қилиб "ёмон қонунлар" деб атайди. Масалан, "еб-тўймас UZIMEI қонуни", "Ижтимоий тармоқларни блокировкалаш қонуни", "Тонировка қонуни" вҳк.
Нега бу қонун-қоидалар мутлақ кўпчиликда нафрат уйғотади, иқтисодиётга, бюджетга, бизнес муҳитга зарар келтиради, лекин қабул қилинган?
Чунки бунда, бу қоидаларни қабул қилишда "Ақлли тартибга солиш тизими" ишламаган. Бутун дунёда бу тизим "Тартибга солиш таҳлили" деб аталади.
Мазкур таҳлил қонун қоида лойиҳаси билан боғлиқ бешта асосий саволга жавоб бериши керак:
1. Таклиф этилаётган қонун қоида қандай муаммони ечади ва бу муаммо қандай пайдо бўлган ўзи?
2. Агар ҳукумат ҳеч қандай чора кўрмаса нима бўлади?
3. Ҳукумат чора кўришининг оқибатлари қандай?
4. Нега таклиф этилаётган қарор энг яхшиси, бу мамлакат учун муаммони энг кам харажат билан ечишга имкон берадими?
5. Ҳукумат бу янги қонун қоидани самарали рўёбга чиқара оладими?
"Тартибга солиш таҳлили" тизимига кўра юқоридаги саволларга батафсил ва тўлиқ жавоб олинмас экан, қонунчилик ҳужжатини қабул қилмаслик керак.
Ўзбекистонда бу борада аҳвол қанақа? Биздаям бу борада қадамлар ташланган, лекин ҳали охирига етказилмаган. Хусусан, ўтган йили "Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори ҳам қабул қилинган.
Унга кўра, 2023 йил 1 январдан :
хўжалик юритувчи субъектларга янги чекловлар ва янги турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, лицензиялар жорий қилиш ёки мавжуд чеклов, рухсат бериш тартиб-таомиллари ва лицензияланадиган фаолият турларини бозор иштирокчиларининг янада кенгроқ доирасига татбиқ қилиш;
рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни ёки лицензияларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартларни жорий этиш;
юридик шахслар устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан талабларни ошириш;
хўжалик юритувчи субъектларнинг белгиланган ҳуқуқларини қисқартириш (камайтириш) ёки уларга қўшимча мажбуриятлар ёхуд қўшимча харажатлар жорий қилиш;
хўжалик юритувчи субъектларга ҳар қандай турдаги имтиёз, кафолат, преференцияларни белгилаш, шунингдек, янги ҳуқуқлар, шу жумладан эксклюзив ҳуқуқларни бериш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари "Ақлли тартибга солиш" тизимидан ўтказилиши керак.
2023 йил 1 январдан бошлаб, тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек, атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилиши белгиланган.
Энди тасаввур қилинг, агар шу талаблар келаси йилдан эмас, масалан, 2017 йилдан амал қилганида нима бўларди?
Еб-тўймас очкўзлар "UZIMEI қонуни" ёки "Тонировка қонуни"ни, цензор тақиқловчилар "Ижтимоий тармоқларни блокировкалаш қонуни" қабул қила олган бўлармидилар? Саноқсиз имтиёзлар, олигархия учун преференциялар, Ягона имтиҳон марказлари, Лаборатория қиролллари кун тартибига чиққан бўлармиди?
Дарвоқе, қўшнимиз Қозоғистонда "Тартибга солиш таҳлили" 2014 йилдан буён мажбурий ҳисобланади. Балки шунинг учун улар биздан илғорроқ ва бойроқдир?