Қорақалпоғистондаги станция дунёдаги энг йирик шамол станцияси бўладими?
Кечаги куннинг энг муҳим ва қувончли хабари бу Саудиянинг Acwa Power компанияси тарафидан қуввати 1,5 ГВт бўлган шамол станцияси қурилиши ҳақидаги янгилик бўлди. Ҳозирча лойиҳанинг пулдаги қиймати очиқланмаган.
Расмий хабарда бу дунёдаги энг катта шамол станцияси бўлиши хақида айтилди. Лекин аслида бу баҳо сал ошириб юборилган. Очиқ маълумотларга кўра, дунёдаги энг қуввати катта шамол станцияси Хитойдаги Ганьсу электростанцияси ҳисобанади. Ҳозир бу станциянинг умумий қуввати 8-10 ГВт атрофида, келажакда 20 ГВтга етказилади. Иккинчи йирик станция АҚШда жойлашган. Калифорниядаги Альта станцияси 1,55 ГВт қувватга эга, тез орада унинг қуввати яна оширилиб 3,0 ГВтга етиши керак.
Демак, агар Acwa Power'нинг Қорақалпоғистондаги станцияси ишга тушса, бу дунёдаги учинчи йирик станция бўлади. Лекин минтақа ва собиқ советлар маконидаги энг катта станция айнан шу бўлади.
Ўзбекистон учун янги энергия генерацияси ва қувватлари жудаям керак. Бусиз ислоҳотлар келажаги ва иқтисодиётнинг барқарор ўсиши давомини кўриш қийин бўлади. Хурсанд қиладигани кейинги вақтда янги генерация учун урғу кўпроқ қайта тикланадиган манбаларга қаратилаяпти.
Инсоният жуда катта тезликда углеводородли асосга эга ва атом станцияларидан воз кечмоқда. Ўзбекистон ҳам шу трендга тезроқ қўшилиб олиши зарур. Албатта бозор рельсларига қанча тез ўтсак, бу трендга қўшилиш шунча тез ва самарали бўлади.