Дунёдаги энг йирик учинчи шамол станцияси ишлаб чиқарадиган электр энергияси қиймати қанчага тушади?
Эълон қилинганидан бир йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб, Acwa Power'нинг Қорақалпоғистонда қуриладиган шамол электр станцияларининг қатор муҳим компонентлари маълум бўлди.
Демак, мегалойиҳа учта алоҳида лойиҳа воситасида амалга оширилади:
1 067 млн.долларлик Kungrad Wind 1.
667 млн.долларлик Kungrad Wind 2.
667 млн.долларлик Kungrad Wind 3.
Ҳар бир лойиҳа доирасида қуввати 500 МВТ бўлган, жами қуввати 1 500 МВт бўлган шамол электр станциялари қурилади. Шунингдек, ҳар бирининг қуввати 100 МВтлик электр энергиясини сақлаш тизимлари, қуввати 500 кВ бўлган подстанция ҳамда ҳаво электр узатиш тармоқлари бунёд этилади.
Келишувларга кўра, ишлаб чиқарилган электр энергияси 25 йил давомида Ўзбекистон миллий электр тармоқлари АЖ томонидан кафолатланган тарзда сотиб олинади. Қайд этиш керакки, 10 кун аввалги ҳужжатга кўра, келаси йилдан бошлаб, электр энергиясини марказлашган тарзда харид қилиш функцияси Ўзэнергосотиш АЖга ўтказилиши белгиланганди.
Электр энергиясининг сотиб олиниши ва электр энергиясини сақлаш тизимидан фойдаланганлик учун тўловлар чет эл валютасида деноминацияланган қатъий тариф бўйича амалга оширилади. Лекин бу тарифларнинг қиймати очиқланмаган. Ўзи охирги 1,5 йилда маъқулланган барча генерация лойиҳалари бўйича келишувларнинг айни шу энг муҳим қисми ёпиқ қолмоқда.
Қарорлар билан Лойиҳа компаниясига ҳисобварақлар очиш, тўловларни амалга ошириш, ҳисоб-китоблар бўйича истисноли ҳуқуқлар тақдим этилган.