"Бизга ўша дидсизликни олиб келишди...Тошкент шаҳри ривожланишининг энг тубига яқинлашди"
Тошкентдан Дубай ясамоқчи бўлганларнинг хоҳишларига турлича муносабат билдирилмоқда.
Жамоатчилик фаоллари – Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов ва Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов суҳбат-подкастида айтилган фикрларни Кун.ўз матнга туширган.
Айрим иқтибослар:
“1988 йил билан солиштирсак, бугун Тошкентда киши бошига автомобиллар сони 6 баробар кўпроқ. Олдин киши бошига нисбатан автобус ўринлари кўпроқ эди. 1994 йилда Тошкент бундан 1,5 баробар яшилроқ эди, жамоат транспортида юрадиганларнинг улуши ҳам кўпроқ эди.
Дубай ҳақида айтадиган бўлсак, у ерда 2010 йилда зўрға метро пайдо бўлди. Ҳали ҳам шаҳарсозликнинг энг ёмон намуналари борасида Дубайдан ёмонроқ мисол топиш қийин. Балки ундан ёмони Лас Вегас бўлиши мумкин. Мен борган шаҳарларнинг ичида урбанизация нуқтайи назаридан энг ёмони – Дубай".
"1988 йилдаги Навоий кўчасининг расми бор ва ҳозирги билан солиштира оламан. Биринчидан, жамоат транспорти жуда ёмонлашди, трамвай ва троллейбус яксон қилинди. Агар 2005-2006 йиллардаги ҳужжатларни кўтариб кўрсангиз, трамвай ва троллейбусни йўқотишнинг асосий сабаби сифатида унинг рентабеллиги ва автомобилларга халақит қилаётгани келтирилган. Шаҳар аҳолиси, яъни жамоат муҳокамаси эшитилмаган.
Сиз айтган яшил зоналар қисқарди – бу факт, нафақат дарахтлар кесилди, боғлар ҳам яксон қилинди. Кўпчилик билмаслиги мумкин: Тошкент шаҳрида янги консерватория ўрнида кичкина кўл ва у ерда яшил зона бўлган. Ўша кўл ҳам қуритилди. Яна Миллий боғ, балки бир нечта кўллар, масалан “Роҳат”, “Бахт” кўли, ариқлар, жарликлар бетонлаштирилди. Шаҳар ичидан ўтадиган ариқларни назарда тутяпман. Кореядаги битта шаҳарда ариқни ёпиб ташлаб бетон қилиб йўл қилишган, лекин мамлакатга янги президент келганидан кейин ариқни қайта очишди. Аминманки, Тошкент шаҳри ривожланишининг энг тубига яқинлашдик”.
"Масалан, Тошкент билан Дубай солиштирилди. Тошкент, Дубай ва биз юқоридаги айтган Лас-Вегаснинг ўхшаш жиҳати ҳар учаласида йўлларнинг устидан қилинган пиёдалар ўтиш йўлагининг борлигидир. Менимча, бу нарсани Дубай Лас Вегасдан кўрган, бизникилар эса Дубайдан. Бизга ўша дидсизликни олиб келишди. Дубай билан Лас Вегасда чўлда қурилган шаҳар деган баҳонаси бор, лекин Тошкентда бундан 200 йил олдин ҳам одамлар яшарди, шаҳардан ариқ ўтарди, одамлар дарахт экарди. “Сквер”да кесилган дарахтларнинг кўплари 19-аср ўрталарида экилган. Дубайда дарахт экса унадими, деган масала турибди, биз эса бор нарсани Дубай қилдик. Дубай қилишни ёмон маънода айтмаяпман, бу шаҳарни чўллаштириш, бетонлаштириш нуқтайи назаридан”.
https://kun.uz/news/2022/08/18/bu-ketishda-toshkent-jakartaning-holiga-tushadi