17K75Telegramda ochish
Банкларга навбатлар қайтди. Нега? Мустақиллик байрами билан боғлиқ дам олиш кунларидан кейин биринчи иш куни нафақат шаҳар йўлларида пробкалар ё жамоат транспортидаги тиқилинчлар билан, банклардаги узун ва кўпинча тартибсиз навбатлар билан ҳам эътиборда бўлди. Кеча вақт топиб шаҳардаги қатор банклардаги вазиятни кузатдим. Шу орқали айрим шахсий хулосаларни қайд этса бўлади. Навбатлар билан боғлиқ биринчи ва энг асосий сабаб байрам ва дам олиш кунларидан кейин банкка ташриф буюрган мижозлар сонининг кескин ортиши билан боғлиқлигини таъкидлаш керак. Бу аввало омонатларининг фоизи ва танини олиш учун банкка ташриф буюрганлар (тўрт кунлик таътил кунларида сон бўйича ой давомида банкка келадиган камида 15% омонатчилар тўпланиб қолади). Иккинчи катта тоифа валюта сотиб олувчилар ва пул ўтказмалари билан боғлиқ мижозлар. Тўрт кунлик танаффус уларнинг сонини ҳам каррасига ошириб юборган. Талабаларнинг ўқишга қайтгани ҳам ўзининг сезиларли ўрнига эга бўлган. Масалан, универсал кассада кеча навбатда турганларнинг ярмидан кўпи ётоқхона ва контракт учун тўлов амалга оширмоқчи ёки пластик карта очмоқчи бўлаётган талабалар эди. Албатта, банклар буни олдиндан билиши ва шунга яраша фронт хизмати ходимларини кўпайтириши керак эди, дейишингиз мумкин. Умумлаштириш ёмон. Қайсидир банкда бу бўлган, қайсидир банкда эса йўқ. Ҳарқалай, буям бир хато кетидан орттирилган тажриба бўлди. Тан олиб айтиш керак, мижозлар сонининг байрамдан кейин кескин кўпайиши баҳонасидан ташқари банкларнинг эътиборидан четда қолган жиддий хатолари ҳам бор. Бу энг аввало навбатларни тартибга солиш ва маълумотларни мижозларга етказиш электрон тизимининг йўқлигига боғлиқ. Макаренко ҳақ, агар банкда навбатлар бўйича электрон тизим бўлмаса, буни қайсидир ходим жисмонан ҳал қилса ҳам жуда катта енгиллик бўлади. Бу худди масалан, светофор ўчиб қолганда, қайсидир жонкуяр ҳайдовчининг чорраҳани қўлда тартибга солишидек гап. Банклар ечишни кейинга сураётган яна бир масала банкоматларнинг янги купюраларни қабул қилмаслиги билан боғлиқ. Жуда кўп банклар ўзининг банкоматлар тармоғини янги купюраларга мослаб қайта прошивка қилмаган. Мисол учун апрель ва май ойларида буни тушуниш мумкин эди. Чунки ҳали янги купюралар салмоғи жуда кам бўлганди. Лекин ҳозир эмиссия кўлами ошган сари муомалада янги купюралар сонда ҳам, суммада ҳам кўпроқ салмоқни ташкил этаяпти. Айни вақтда янги купюраларга прошивка қилинган банкоматларда эски купюралар қабул қилинаётгани йўқ. Банкоматларда ҳам янги, ҳам эски купюраларни қабул қилиш техник имкониятини яратиш мавжуд бўлсада, бунга кўп банклар қўл урмаган. Натижада ҳам банкоматларнинг самарадорлиги пасаймоқда, ҳам пул муомаласи ҳам секинлашмоқда. Табиийки, банкоматдан фойдалана олмаганлар яна кассага ёки операторга навбатга қўшилишаяпти. Навбатлар сони ошираётган яна бир омилнинг бартараф этилиши регуляторга ҳам боғлиқ. Бу майда ҳажмдаги валюта сотиб олишда мижозни идентификациялашга оид процедура (паспорт ва маълумотларни киритиш, солиштириш). Ҳозирда шаҳобча ёки банкоматдан идентификациясиз валюта сотиб олиш ҳажми атига 100 доллар холос. Шу суммани камида 3 баробарга оширилса, шаҳобчаларнинг иши ҳам анча тезлашади. Чунки валюта олиш учун навбатда турганларнинг сонда катта қисми шу 300 долларгача қийматда валюта олаётган ижарачилар, талабалар, таксичилар. Ечилиши лозим бўлган яна бир масала тижорат банкларининг ўзларига тааллуқли. Бу мижоз сотаётган нақд валютасининг сўмдаги қийматини ҳумо ёки узкард карталарига бевосита тушириш билан боғлиқ. Бир иккита банкни ҳисобга олмаса, шу ишни амалга ошириш учун камида икки марта навбатда туриш керак (аввал нақд валютани нақд сўмга айлантириш учун, кейин нақд сўмни топшириб картага тушуриш учун). Хуллас, кузатсангиз, навбатларни қисқартирадиган ва бизнес процессни осонлаштирадиган майда деталлар жуда кўп. Банклар, айниқса давлат банклари масалан, талаба ё стажерларни ёллаб, шунақа пробелларни ўрганиб бориши керак. Даврий равишда. Бу уларнинг номи, имиджи, репутацияси ва самарадорлиги учун фақат наф келтиради.

Arxivda shunga yaqin