Банкоматларнинг cash in функцияси нега ўчирилган?
Кейинги кунларда тижорат банкларининг cash in функцияли банкоматлари нақд пул қабул қилмай қўйгани ҳақида кўп шикоят эшитдим. Аввалига ишонмадим. Бугун текшириб кўришга имкон бўлгани учун Тошкент шаҳридаги 10 та банкнинг 20 дан ортиқ шундай банкоматларини текшириб кўришга тўғри келди. Ростанам, уларнинг биронтасида, фарқи йўқ, Humo ёки Uzcard’ми, давлат банкими, хусусийми ё хорижий, хизмат бепулми ёки комиссияли, картага нақд пул киритиш хизмати ишламаяпти. Ё ўчирилган (функция менюдан олиб ташланган) ёки фойдаланишга уринишда хизмат кўрсатиш имконсизлиги маълум қилинмоқда.
Қизиғи, шу жойларнинг ўзида картасини тўлдирмоқчи бўлганлар нақд пул ечмоқчи бўлганлардан р2р қилиб беришни илтимос қилишмоқда. Яъни яширин иқтисодиёт бўшлиқни тўлдириб улгурган.
Билмайман, бу муаммонинг сабаби нима, тизимлими техник муаммоми ёки тепадан топшириқми ё банкларга бу операция қизиқ эмасми (ҳатто комиссия билан).
Лекин менинг гумоним борки, тобора банкка хос бўлмаган зарарли топшириқларга кўмилиб бораётган банкларда шунчаки банкоматлар билан шуғулланишга вақт ва инсон ресурси қолаётгани йўқ. Ҳамма сафарбар. Кимдир далада, кимдир тонгдан тунгача мажлисда, яна кимдир уйма-уй юриб қарз йиғаяпти.
Худди эски ёмон замонлардагидек.