17K70Telegramda ochish
Президент ҳузурида Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташкил этилди Ислоҳотларни бошлаш ва ташаббус билдириш албатта муҳим, лекин уларни мантиқий ташкил қилиш, самарали якунига етказиш ундан ҳам муҳим жараён. Чунки қанча ислоҳотлар охирига етмасдан, ярим йўлда қолиб кетганини ҳам кўрганмиз. Бундан ташқари барча соҳада бир пайтда кўплаб ислоҳотлар бошланса, уларни бир мантиқий чизиққа терадиган марказ ҳам жуда муҳим. Йўқса, ҳамма ўзича ислоҳот қилиб, ўнг қўл қилганни чап қўл билмасдан хаосга олиб келиши мумкин. Шунга кўра, ислоҳотларнинг узвийлигини таъминлаш, ягона ёндашувларни шакллантириш мақсадида Президентнинг тегишли фармони билан Стратегик ривожланиш агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташкил этилди. Агентликнинг асосий вазифалари қуйидагилар: ➖ маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда алоҳида соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш таклифларини ишлаб чиқиш, уларни ташкил этиш ва назорат қилиш; ➖ ислоҳотларни танқидий таҳлил қилган ҳолда уларнинг самарадорлигини баҳолаш, расмиятчилик, сансалорлик ва коррупциявий ҳолатларга шароит яратувчи тизимли муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш чораларини кўриш; ➖ халқаро молия институтлари, чет эл ташкилотлари ва хорижий мутахассисларни ҳамда беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш ишларини тизимли ташкил этиш; ➖ давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш, жумладан ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида тузиш, бошқарув органлари таркибига мустақил аъзоларни киритишни мониторинг қилиш. Шавкат Мирзиёевнинг шахсан раислигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг кенгаши тузилди. Кенгашга бир қатор ваколатлар берилди. Агентлик бош директори ва унинг ўринбосарлари Президент томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Умуман олганда, Агентликнинг мақсад ва вазифалари тушунарли — деярли ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ягона ғоя ва стратегия остида бирлаштириш, уларни охиригача етказилишини назорат қилиш, энг муҳими хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида жамият ривожи ва халқ манфаатли учун зарур бўлган ислоҳотларни ишлаб чиқиш, мавжудларини экспертизадан ўтказишдир.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin