Дунёнинг энг бой магнатлари бир кунда деярли 100 миллиард доллар йўқотишди
АҚШда август ойи инфляцияси тўғрисидаги маълумотлар очиқлангач, фонд бозорларидаги қалқиниш давом этмоқда. Гап шундаги, гарчи инфляция кўрсаткичи ўтган ойга нисбатан пасайган бўлсада, прогнозлардан кўра юқорироқ қийматга эга бўлди.
Сешанда куни S&P 500 индекси 4,4%, Nasdaq 100 индекси эса 5,5% йўқотди. Бу 2020 йил пандемия давридан буён кузатилган энг катта пасайиш. Фонд бозорларидаги ўзгаришлар оқибатида бир куннинг ўзида топ рўйхатга кирувчи миллиардерлар 93 миллиард долларга камбағаллашган.
Хусусан, Жефф Безос активлари 9,8 миллиард долларга, Илон Маск активлари 8,4 миллиардга, Цукерберг активлари 5,6 миллиард долларлик қийматини йўқотган.
Инвесторларнинг рискдан қочаётгани олтин нархига ҳам таъсир ўтказмай қолмаяпти. Ҳозирда бир унция олтин 1690 доллардан пастроқ котировкаларда сотилмоқда.