19K127Telegramda ochish
"Рубль курси - уруш курси"га айланган шароитда спекулянтлар янада баландроқ қичқираверади Сентябрнинг охирида рус ўрдасининг думини кетига қисиб чекиниши, мобилизация, сафарбарликдан қочиш, сохта референдумлар, ядро ва газ шантажи риторикаси шароитида Россия Марказий банки юритаётган "курс уруши" янада кескинлашди. Қолган барча фронтларда қақшатқич мағлубиятга учраётган бўлсада, рубль билан боғлиқ манипуляцияларда босқинчилар ва спекулянтлар ҳали осонликча жон берадиган эмас. Юз бераётган воқеликлар Ўзбекистонни четлаб ўтаётгани йўқ. 29-30 сентябрь кунлари бир доллар учун нақдсиз нисоб 53 рублгача пасайди, табиийки Ўзбекистонга спекулятив ўтказмалар миқдори ўтган ҳафта охири ва шу ҳафта бошида мисли кўрилмаган даражага етмоқда. Бугун эрталабки ҳолатга Россияда ВТБ банки нақд доллар учун 78,5 рубль, Сбербанк 78 рубль, Альфа-банк 77 рубль сўрамоқда. Пайшанба ва жума кунлари Ўзбекистонга нақдсиз ўтказилган ва нақд ечиб олиниб Россияга етказилган транзакциянинг даромадлилиги 50%га етмоқда. Уч кунда 50% даромад. На наркобизнес, на фоҳишабозлик, на одам савдоси бунча кўп даромад бермайди. Шунинг учун Ўзбекистон банклари хорижий ўтказмалар ва валюта айирбошлаш билан боғлиқ нақд валюта билан таъминлаш масаласида кучли босим ва юкламага дуч келмоқда. Хориждан нақд валюта келтириш икки, уч баробарга кўпайган, санкциялар шубҳаси ва эҳтимоли остида бўлсада нақд валюта келтириш яна кўпайтирилмоқда, янги манбаларни қидириб топиш ишлари тўхтаб қолгани йўқ. Ҳа, ижтимоий тармоқларда ёзилаётганидек, айрим банклар юзага келган чақириқларга етарлича адекват ва тезкор муносабатда бўлмаётган бўлиши ҳам мумкин. Ҳа, айрим ҳолатларда юзага келган дефицит шароитидан фойдаланиб қолишга уринаётган, спекулянтлар билан бир фронтга қўшилиб қолган банкирлар ҳам бўлиши мумкин. Бундай шароитда тизим бутун куч ва имкониятларини энг аввало меҳнат мигрантлари ва уларнинг ўтказмалари билан боғлиқ амалиётларини нақд валюта ёки нақд сўм билан таъминлашга қаратиши табиий ва буни турлича баҳолашларига тоқат қилишга тўғри келади. Норози спекулянтлар биринчи бўлиб ва ҳаммадан баландроқ қичқиради. Эсда тутиш керакки, ўзбекистонлик меҳнат мигранти битта транзакцияда 5 минг доллар пул ўтказмайди. ёки 100 минг долларни 20та паспортга бўлиб юбормайди. Ёки бўлмасам, ўзбек мигрантининг конвейердек ишлаётган уч қаватли схемаларга қизиқиши ҳам, вақти ҳам йўқ. Нақд валюта билан боғлиқ вазиятнинг мураккаблашиши биринчи марта эмас, бу апрелда ҳам, майда ҳам, июнда ҳам бўлди. Ҳар сафар шундай вазиятга дуч келинганида ечим топилган, вазият барқарорлаштирилган. Бу сафар ҳам шундай бўлади. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin