Hyatt Regency бизга 205 миллион доллардан ҳам қимматроққа тушган
Ёмон қарорларнинг тимсолига айланган Hyatt Regency меҳмонхонасининг қиймати қанчалиги бўйича баҳсларда унинг қурилишига сарфланган 205 миллион доллар келтирилади ва кўпчилик шу рақамга асосий урғу бераяпти.
Афсуски, бу якуний рақам эмас. Чунки меҳмонхона қурилиши ва кейинги фойдаланувида берилган бож ва солиқ имтиёзлари қийматини ҳеч ким ҳисоблагани йўқ. Буям бир неча ўн миллион доллар бўлса керак.
Яна меҳмонхона кредитларининг сўндирилиши қиймати ҳам бор. Hyatt Regency кредитларини сўндириш учун 2020 йилда бюджетдан 66 млрд.сўм, 2021 йилда 71,3 млрд.сўм, 2022 йилда 69 млрд.сўм ажратилган. Яъни охирги уч йилнинг ўзида бюджетдан жами 206,3 млрд.сўм ёки 20 миллион доллардан ортиқ бюджет пули киборларнинг ҳашаматли меҳмонхонаси қарзларини ёпишга кетган. Ундан аввалги йилларда маълумотлар очиқланмаган.