14K243Telegramda ochish

Bosco kanalidan

Ҳафсала ва ғайрат Ўзбек амалдорлари бир алоҳида тоифа-да. Қизиқиб ўрганишлик. Аксарияти ўқимишли, гапларини эшитсангиз, анча маъноли, дунёқараши кенг, инсофли, одамийлиги ҳам жойида. Қачонлардир, оддий мутахассисликдан иш бошлаётган пайтлари “раҳбар бўлганимда ундай қиламан, бундай қиламан” деб режалар тузган. Узоқ ишлаб, шу поғонага келган. Тайинлангач, ғайрат билан ишга киришган: ҳозир ҳаммасини боплайман, ишлашни ўргатиб қўяман! Албатта, бошида команда тузилади. Аммо у команда 100 фоиз унинг одамлари бўлмайди. Идорада мавжуд кадрларни ўзининг ишонган одамлари, авваллари бирга ишлаган командаси билан қориштириб, бир жамоа тузгандай бўлади. Параллель равишда ислоҳотлар режаси тузилади. Аммо аввалги раҳбарданам худди шунақа режа қолган, унданам фойдаланиш керак. 25та қарор ва фармон ҳам бор. Янада бирор янгилик ўйлаб топиш керак, топилади ҳам! Чунки ўзбек чиновники – ҳомо кретивус, яъни топағон инсон. Мана энди мазза қилиб ишлайман, деганда, каттароқ форум бўлиб қолади. Меҳмонлар келади, олиб юриш керак, ундан ташқари ташкилотнинг бўйнидаги бошқа масалалар ҳам бор. Ўтволсин, бошлаймиз, майли. Кейин мажлислар, ишчи гуруҳлар, селекторлар. Орада байрамлар, тадбирлар. Кун бўйи, тишини ғичирлатиб, мажлисларда ўтиради, кеч бўлганда ишга келиб, сал дам олволгандай бўладида, жамоани йиғиб, “нима иш қилдинглар?” деб мажлис ўтказади. Кўнгли тўлмайди, янги топшириқлар беради, кутади. Кечаси билан ишлашади. Эрталабдан яна ўша мажлислар, йиғилишлар, ишчи гуруҳлар, сайёр қабуллар. Муаммо чиқади, уни ёпишади. Мурожаат келиб қолади, уни ҳал қилишади. Шу билан вақт ўтган сари чарчаб, асабий бўлиб қолган раҳбар ўйлайди: бунақада узоққа бормайман-ов. Сал ўзимга қарашим керак. Ва у ҳақ! Секин аста ўзига шароит яратиб олади. Қанақадир эрмак топади. Теннис ўйнайди, ёки шахмат. Китоб ўқийди. Мажлисларда телефон титиб ўтиради – тўғрида, барибир унга даҳлдор гап бўлмаяпти-ку, эшитди нима, эшитмади нима. 3 соатлаб обед қила бошлайди, чунки бу дўстлар, яқинлар билан кўришишнинг бир имкони. Ужин ишхонада – чунки тепадан телефон бўлиб қолиши мумкин. Баъзи кунлари умуман ҳеч нима қилмайди. Ва энг қизиғи, бу идоранинг самарадорлигига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди. Шунда раҳбар тушунади: энг асосийси – ҳалақит бермаслик. Ва баъзи-баъзида борлиги ҳақида билинтириб туриш. Шу билан бошқа жойга ўтиб кетади.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin