Саволлар барибир очиқ қолаверади
E-qaror электрон тизими бўйича Адлия вазирлигининг расмий муносабати эълон қилинди.
Вазирликнинг тушунтиришича, ҳоким (кенгаш раиси) ҳужжат лойиҳасини электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди, имзоланган ва махсус рақам билан рўйхатга олинган ҳужжатни Тизим бош саҳифасида автоматик тарзда эълон қилади. Ҳоким (кенгаш раиси)га қарор имзоланишидан аввал мазкур ҳужжатни қабул қилиниши биланоқ Тизим бош саҳифасида автоматик тарзда эълон қилиш ёки аксинча эълон қилмаслик масаласини белгилаш имконияти яратилган.
Мазкур имконият фойдаланилиши чекланган ахборотларни (мудофаа, хавфсизлик, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқалар) ўз ичига олган қарор ва фармойишларни эълон қилмаслик учун ишлатилиши керак.
Биринчидан, ҳоким мудофаа ва хавфсизликка оид қанақа қарор қабул қилиши мумкин? Бу унинг функцияси эмас. Агар шундай қарорлар қабул қилинганида ҳам, қарорнинг мудофаа ва хавфсизликка оид қисми ёки моддаларига махфий сўзини ёзиш мумкинку (Президент ва ҳукумат қарорларида шундай қилинади). Яъни бутун бошли қарорни яшириш шарт эмас.
Иккинчидан, шахсга оид қарорлар бўлса, айнан ўша шахсга оид қисми ёпилган ҳолда қарорни эълон қилиишга ким ёки нима ҳалақит қилади? Кеча бу ҳақда аниқ мисоллар билан ёздик, амалда юзлаб шахслар маълумотлариига оид қарорлар базага киритилган. Яъни буям бир баҳона холос.
Учинчидан, яна қатор қарорлар борки, на мудофаага, на хавфсизликка ва на шахсга оид, ғирт иқтисодий мундарижага эга. Уларнинг яширилиши нима учун? Мана яна аниқ мисол.
Шундай таассурот уйғонадики, ҳокимлар ўзи хоҳлаган қарорларни эълон қилиб, хоҳламаганини эълон қилмай, яширишига Вазирлик ҳам унча қарши эмасдек. Қизиқ тарафи, баёнотда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг иккита қарорни аввал яшириб, кейин яна жойига тиклаб қўйгани ҳолати ҳатто қораланмаган ҳам. Жазо йўқлиги янги бузғунчиликларни рағбатлантираверади.
Шаффофлик учун, ҳокимлар тарафидан манипуляцияларга йўл қўйилишининг олдини олиш учун қарорларни эълон қилмасликка биронта дарча қолдирилмаслиги керак.
P.S. Hyatt Regency меҳмонхонаси қурилиши қийматига оид иккита ҳукумат қарори lex.uz базасидан ўчириб юборилгани қандай сабаб билан изоҳланилишини кутаяпман.
- https://minjust.uz/uz/press-center/news/104513/minjust.uz
- https://t.me/the_bakiroo/5774@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/5775@the_bakiroo
- https://lex.uzlex.uz