E-qaror gov.uz платформасига ўтказилган. Саволлар барибир бор
Ҳокимлар ва кенгашларнинг ёпиқ қарорлари билан боғлиқ машмашалардан кейин E-qaror тизимига қатор ўзгартиришлар киритилган.
Биринчи ўзгартириш бу тизимнинг gov.uz платформасига ўтказилгани билан боғлиқ. Энди тизимнинг манзили қуйидагича - https://e-qaror.gov.uz/.
Иккинчи кўзга ташланадиган ўзгартириш бу излаш функционаллиги яхшиланган. Энди ҳужжатларни белгилар, рақамлар ва саналар билан топиш осонроқ.
Учинчи ўзгариш яширин ҳужжатларнинг, гарчи улар очиқланмасада рақами ва санаси кўрсатила бошлагани. Бундай ҳужжатларнинг рақами ва санаси шахсга доир, васийлик ва ҳомийликка оид деган гриф билан берилмоқда.
Ўзгаришлар яхши, буни олқишлаш зарур. Лекин бу етарли эмас.
Яширилаётган ҳужжатларнинг ҳақиқатан ҳам шахсга доир, васийлик ва ҳомийликка оид эканини ким белгилайди? Ҳокимми ё Вазирлик?
Ҳужжат шахсга доир, васийлик ва ҳомийликка оид бўлмасада, эълон қилинмасдан, "яширинган" мақомида очиқланмаса, кимдир бунинг учун жавобгар бўладими?
Ҳокимларни ўзининг тор молиявий манфаатлари учун, манфаатлар тўқнашувини яшириш учун ҳужжатларни яширишини ким ёки нима тийиб туради?
Масалан, Артикходжаевнинг фестивалларга 18,2 млрд.сўм пул ажратилишига оид 30.05.2022 йилдаги 559-қарори эълон қилинмай, яширилгани билан боғлиқ ҳолат каби.
Шунинг учун ҳужжатларни "яширинган" деб рақами ва санасини эълон қилиш кифоя эмас. Бундай ҳужжатлар тўлиқ эълон қилиниши, бутун ҳужжат эмас, ҳужжатнинг айнан шахсга доир, васийлик ва ҳомийликка оид қисмигина ёпилиши зарур.
Дарвоқе, нега "яширинган" деган сўз ишлатилган? Ҳужжат ўзини ўзи яширмаганку!
- https://gov.uzgov.uz
- https://e-qaror.gov.uz/gov.uz