Олдинги эпоха сиёсий модели мамлакат фуқароларини имкон қадар четга чиқмаслигини, меҳнат миграцияси жараёнларининг қаттиқ назоратини кўзда тутарди.
Айтиш жоизки, янги даврнинг ўтган эпоха билан фарқлантирувчи масалалардан бири шу: кейинги 3 йилда ташқи меҳнат миграцияси фаол рағбатлантирилмоқда (кечаги қарор ҳам шу жумладан).
Биринчидан, халқаро меҳнат тақсимотида арзон ва юқори малака талаб этмайдиган сегментда ўзбекистонликлар ростанам рақобатбардош, у хоҳ Россия бозори, Туркиями, Амирликларми ё Кореями.
Иккинчидан, ислоҳотлар даврида тўлов балансига савдо баланси бераётган салбий сальдони асосан меҳнат мигрантларининг трансфертлари компенсациялашда давом этмоқда.
Учинчидан, меҳнат мигрантлари асосан 18-30 ёшли фуқаролардан иборатлиги инобатга олинса, бу ижтимоий буғни чиқариш канали ролини ҳам ўтамоқда.
Албатта фаол меҳнат миграциясининг салбий томонлари, оғир ҳаражатлари ҳам мавжуд. Хусусан, 21-аср нефти бўлган одамлар учун курашда биз ютқазмоқдамиз, мигрантларимизнинг энг фаоллари чет мамлакатлар фуқаролиги ва яшаш ҳуқуқини киритишда, демакки, биз уларни йўқотишда давом этмоқдамиз. Яна биз хали миграциянинг 15-20 йилдан кейинги ижтимоий ҳаётга таъсирини кўзимиз билан кўрмадик, яна 4-5 йилдан кейин жамиятимизга отасиз, онасиз ўсган кўплаб ёшлар биринчи марта кириб келади. Уларнинг социологияси, психологияси бизга умуман номаълум.
Асрлар давомида ўзбек жамиятида мувозанат функциясини бажарган оила монополияси заифлашмоқда, унинг эвазига биз ўзини сифатли бошқарувчи алоҳида шахслар индивидуализмини олдикми? Йўқ. "Оила диктатураси" ўрнини осон етакланадиган оломон хаоси эгаллаши эҳтимоли ортмоқда. Бунга сифатсиз мактаб ва сифатсиз медицинани қўшсангиз, умумий картина ранги янаям қуюқлашади.
Шу маънода меҳнат миграцияси борасидаги масаланинг нархи вақти-вақти билан қайта баҳоланиб туриши лозимдек кўринади. Албатта лимитлар, чекловлар, тақиқлар ва тотал назорат ўрнатиш усулини қўлламаган ҳолда.
@the_bakiroo