20K83Telegramda ochish
Россияга мутлақ боғлиқлик камайтирилиши керак, энг аввало меҳнат мигрантлари борасида Бутун Европа Россияга энергоресурслар бўйича қарамлик оқибатларини ўзида ҳис этмоқда. Қатор мамлакатларнинг мустақил қарорлари ва мустақил сиёсати учун айнан Россия гази ва нефтига қарамлик чекловчи омилга айланиб бўлган. Афсуски, буни, нефть ва газ қурол ўлароқ ишлатилиши мумкинлигини "шредеризация" касалига дучор бўлган Европа сиёсатчилари жуда кеч англашди. Кенг миқёсда олганда гап Россияда ҳам эмас, ўзининг суверен келажаги ва мустақил сиёсатини истаган ҳар бир давлат ҳеч бир масалада, ҳеч бир товарда, ҳеч бир ресурсда, ҳеч бир йўналишда фақат битта давлатга боғлиқ бўлиб қолмаслиги зарур. Бу энергия ресурсларими, транспортми, меҳнат ресурсларими, логистиками - фарқи йўқ. Маршрутлар ва манбалар турлича, имкон қадар ўзаро кесишмаган ва хилма-хил бўлиши даркор. Шу маънода Ўзбекистон учун меҳнат мигрантларимизнинг асосий бозорлар бўйлаб йўналишларини кенгайтириш, танловларни яратиш ҳал қилувчи вазифалардан бўлиши зарур. Тушунарлики, танловни энг аввало мамлакат ичида яратиш керак бўлади. Афсуски ҳозир, меҳнат бозорида юқори малакага эга бўлмаган юртдошларимиз учун фақат битта танлов бор холос: Россияга кетиш. Танлов яратиш учун юқори бўлмаган малака, лекин кўп ишчи кучи талаб этадиган соҳалар - қишлоқ хўжалиги, қурилиш, умумий овқатланиш, чакана савдо, автомобиль транспорти, маиший хизмат каби соҳаларда иш ҳақига солиқчиликни ва бозорга кириш талабларини буткул ўзгартириш керак бўлади. Таассуфки, 2019 йилдан буён ўзбекистонликлар учун визасиз бориш мумкин бўлган биронта янги давлат пайдо бўлгани йўқ. Меҳнат мигрантларимиз учун муқобил иккинчи йўналиш бўлиши мумкин бўлган Туркия билан фақат 90 кунлик визасиз режим сақланиб қолмоқда, шу муддатни 360 кунга ўзгартиришга, ўйлашимча, қардошларимиз қарши бўлмайди. Кейин ўрта малакали жуда кўплаб ёш ватандошларимиз учун Ҳиндистон, Вьетнам, Монголия, Шимолий Македония, Черногория, Албания, Сербия давлатлари билан визасиз режим ўрнатилиши қўшимча имкониятларни яратган бўларди. Албатта бу бир кунлик иш эмас. Лекин шу йўналишда вазифаларни қўймасак, ишларни бошламасак бўлмайди. Мана Польша ва Буюк Британия 2022 йил охиригача, Германия босқичма-босқич 2024 йилгача Россия газ ва нефтидан воз кечишни режалаштирмоқда. Ҳа, бу оғриқли бўлади. Лекин бугун қилмаса, эртага янаям кўпроқ оғриқли, ҳатто аянчли бўлади. Биламизки, фозиллар бошқаларнинг хатоларидан хулоса чиқарадилар. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin