Ҳар кризисда шу бўлар такрор ёки люмпенлашган бизнес ҳақида
Эсимни танибманки, ҳар кризисда, айниқса циклик кризисда давлат, аниқроғи унинг номидан ҳаракат қилувчилар биринчи навбатда кризисдан гўёки жабр кўраётган бизнесга ёрдамга шошади. Шаблон воситалар ўша-ўша: солиқ каникуллари, кредитлар реструктуризацияси, банклар орқали ремолиялаштириш вҳк. вҳк. Баҳона тайёр: ишчи ўринларни сақлаш керак, базавий тармоқларни қўллаш керак, экспорт рағбати, бла-бла-бла.
Ҳеч ким айтмайдики, э бой, кризисда қийналаяпсанми, демак рақобатбардош эмассан, бозор қоидаларига кўра синишинг керак, ёки четга олиб чиққан пулларингни қайтар, тикиб бизнесингни асраб қол. Жуда бўлмаса, сот бизнесингни.
Ҳеч ким сўрамайдики, ўша ёрдамга муҳтож бўлиб қолган бизнес эгалари - миллиардерлар йиллар давомида олчоқлик ва очкўзлик билан фойдани максималлаштирган, турли йўллар билан четга репатриация қилган, лекин эҳтимолий йўқотишлар учун ҳеч қандай захира яратмаган. Б план бўлмаган, фақат А план бўйича ишлайверган, соққани босаверган, бўғзигача ботирадиган кредитларни олаверган.
Девальвация-ми? Давлат ёрдам бериши керак. Коронавирусми? Давлат ёрдам бериши керак.
Бугун маҳаллий миллиардерлардан бири, биз касалмиз, ҳукумат ёрдамига муҳтожмиз, дея оҳ-воҳлар қилипти. Миллиардлар топган, бизнеси пайдар-пай кенгайиб турган пайтда жимгина, фойдани ўзлаштириб юрганди. Энди ҳукумат биз солиқ тўловчилар ҳисобига бу миллиардерга ёрдам бериши керак. Зўр-а?
Ўзбекистоннинг ҳатто энг қашшоқ қатламидан бирон фуқаро чиқиб ҳали давлатдан иқтисодий ёрдам сўрагани йўқ. Мажруҳлар ёрдам сўраяпти, давоси қийин касаллар ёрдам сўраяпти. Лекин давлатдан эмас, бошқа фуқаролардан. Чунки давлатдан сўраш амалда бефойдалигини ўша ночор, мажруҳ ва касалманд жуда яхши билади.
Серқуёшда ҳар бир кризисдан кейин кўриладиган чоралар бойларни яна бойиши, қашшоқларни эса янада қашшоқлашуви билан натижаланади. Кейинги циклгача эса худо пошшо. Яхшиям хотиралар жуда қисқа.
@the_bakiroo