Бизнесга қуёш панелларини ўрнатишга мажбурлашлар бўлмоқда
Энг эзгу ва рационал ташаббуслар ҳам худо қисган ҳокимларнинг қўли билан абсурдга айлантирилиши биринчи марта эмас.
Жойларда тадбиркорлик субъектларига мажбурий тарзда қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилиши учун босимлар юз бермоқда. Панелларни ўрнатишга пули йўқ бизнес вакилларига банк кредитларини ажратиш топширилган. Кредит ажратиш талаби ҳам маъмурий босим остида амалга ошмоқда.
Дўппи деса, бош юлиб келинадиган кампаниябозлик барча вилоятларда давом этмоқда, лекин доимгидек Ўзбекистон қонунлари ишламайдиган Андижон вилояти шу масаладаям етакчи.
Тадбиркорлар қуёш панелларини ўрнатишга мажбурловда учта муаммони қайд этишмоқда:
Биринчидан, бизнес вакилларига уларнинг заруриятидан ортиқ панеллар ўрнатиш вазифаси топширилмоқда.
Иккинчидан, таклиф этилган панеллар қимматлаштирилган ва эркин танлов мавжуд эмас. Айниқса, кредит ҳисобига сотиб олишга мажбурланаётган панеллар каррасига қимматлаштирилган. Бу биламизки, қизил товуқдан тортиб қорамолгача бўлган масалаларда тажриба орттирган ўзбек ҳокимларининг севимли пул ишлаш усули.
Учинчидан, тадбиркорларнинг ҳисоби бор, улар шунинг учун ҳам тадбиркор. Каррасига қимматлаштирилган ва банк кредити ҳисобига сотиб олинаётган панеллар генерацияси эртага ҳатто бозор нархларига ўтсак ҳам, тарифлар уч баробар ошсаям, 10 йилда ўзини оқламайди. Бу қанақа афзаллик ва бу қанақа муқобиллик?
Эслатиб ўтамиз, қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилиши бўйича вазифалар фақат давлат ва бюджет ташкилотлари учун белгиланган. Бундаям каррасига қимматлаштирилган усулда эмас.
Ҳукумат ва хусусан, Энергетика вазирлиги бу бўйича яна бир бор тушунтириш берса бўларди. Чунки рационал ҳаракат онгли ва онгсиз равишда обрўсизлантирилмоқда ва бу иш шу тарзда давом этса, эртага аҳоли ҳатто ўз ихтиёрига қолдирилган тақдирда ҳам қуёш панелларини ўрнатишдан воз кечади.