20K39Telegramda ochish
ИМҲО: Шеъриятга қизиқиш ижтимоий шеърлар туфайли эмас, ижтимоийлашув туфайли қайтмоқда Ўтган ҳафта “Излам” туркумининг твиттердаги муҳокамаси вақтида Шаҳноза Соатова қизиқ бир гапни айтди. Мазмунига кўра, Шаҳноза опанинг фикрича, ижтимоий мавзуда шеърлар жудаям керак ва бу мавзу шеъриятни халққа яқинлаштиради ва шеъриятни доим қайта жонлантирадиган омил ҳисобланади. Шеъриятга қизиқишнинг ортишида ижтимоий, балки ижтимоий-сиёсий буюртма бўлган шеърлар, масалан 20-30- йилларда бўлгани каби айтайлик, паранжи ташлаётган аёллар, колхозга кираётган мардикорлар ёки бўлмаса, 80-йилларда қуриётан Орол денгизи, пахта яккаҳокимлиги ва экологик муаммоларнинг қофияга тушириб айтилиши ростанам халққа шеъриятни жуда яқинлаштирган. Лекин ўша йилларда ижтимоий мавзуда ёзилган шеърларнинг аксариятини қофияга солиб эмас, шунчаки, публицистик мақола қилиб ёзилса ҳам халққа тушунарли бўлган бўларди. Айтмоқчиманки, бу шеърларнинг халққа яқин бўлгани сабаби муаллифларнинг ижтимоий мавзудаги муаммоларнинг кўтарганига боғлиқроқ. Яъни шоирлар ижтимоийлашган ва шунинг учун миллионлаб одамлар гарчи шоирларнинг икки қатор шеърини ёддан билишмасада, одамларнинг муаммосини кўтараётган юзлаб шоирларнинг исмларини билган. Масалан, 80- йилларда Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Усмон Азим ва ўнлаб бошқа шоирларнинг номи миллионли халқ орасида лирикаси сабаб эмас, улар кўтарган ижтимоий сиёсий муаммолар, матбуотда, парламентда чиқишлари туфайли машҳур бўлган. Айни пайтда ўзимиз учун эслаб қолмизки, шеърият бу энг аввало бадиият. Ҳатто кучли ижтимоий дард бўлса ҳам бадииятсиз шеър узоқ яшамайди. Негадир ҳозир шу матнни ёзаётганимда масалан, хотирамга биронта типик ижтимоий ёки ижтимоий буюртма мавзудаги шеър келмади. Лекин мана бу икки 50 йилнинг нарисида ёзилган шеър яна юз йилдан кейин ҳам яшайди. Чунки уларнинг вазнини Ленин ва пахта белгиламайди. Ҳаддан зиёд гўзал сўздир - Ленин. Ассалом - бу тонготар. Асилзода, асли бек эди, қўлдай тузди қуллар ичида, бутун умр тирнади ерни, пахта деган ойим ишқида. Шоирлар зўр лирикага чўмганда, лекин жим турганда шеърият оммалашмайди. Буни кўрдикку. Мисолчун, 90- йиллар охири ва нолинчи йиллар давомида халқнинг шеърдан узоқлашиши шартли айтганда, гапириши керак бўлган шоирларнинг овози ўчиб қолганида эди, улар ижоддан четланиб қолганида эмас. Шахсан мен, Абдували Қутбиддин ва у тенгқур шоирларни ўзбек шеъриятини санъат даражасида ушлаган, аммо машҳурликка эришмаган авлод ҳисоблайман. 17- йилдан кейин яна гапириш мумкин бўлди. Гапириш мумкин бўлгандаям, бир муддат эски авлод шоирлар узоқ жим турди, айтиш керакки, сўз айтишга энг охирида, кечикиб қўшилишди. Қўшилгандаям фақат янги авлод қўшилди ва қўшилмоқда. Улар шеъриятга қизиқишни секинлик билан қайтармоқда. Тармоқлар, онлайн платформалар ва интернет уларга шеър билан бирга ижтимоий фикр (!!!) айтишга ҳам имкон бермоқда. Одамларга эса бу ёқмоқда. Юзминглаб ўқувчига эга оммабоп телеграм каналларда ва ҳаттоки тик-токда шеърлар ва шеър билан боғлиқ муносабатларни тарқалаётгани ўзи янги бир ижтимоий ҳодиса. P.S. Баҳслашиш учун эмас, шахсий фикр сифатида қолиб кетмаслик учун ёзилди.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin