21K116Telegramda ochish
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари энди Қозоғистонникидан кўпроқ. Бу картина навбатдаги популистик қарорларга туртки бериши мумкин Олтиннинг кескин қимматлашиши ва захираларимиз таркибида олтиннинг улуши кўпроқ экани ҳисобига Қозоғистон захиралари қолдиғи Ўзбекистон халқаро захиралари қолдиғидан ортда қола бошлади. Бу вақтинчалик картина охирги йилларда популизм устига қурилган ва маъмурий қарорлар билан бошқариладиган Ўзбекистон иқтисодиёти учун навбатдаги зарарли меневрларни чизишга ва инвестицион дефицитларга нисбатан ечим ўлароқ тақдим этишга туртки бериши мумкин. Олдинга ўтиб айтиш керакки, агар бу йўлдан борилса касалланган иқтисодиётимиз учун охирги доза бўлади. Биринчидан, Қозоғистон иқтисодиёти учун 35 млрд.долларлик халқаро захиралар бу норма, чунки Қозоғистон экспорти Ўзбекистонникидан деярли 5 баробар катта (84,4 млрд.доллар). Савдо профицитда (+ 24,4 млрд.доллар). Ижобий сальдо барқарор ўсиш тенденцияси билан бирга сақланмоқда. Қўшнилардан фарқли равишда Ўзбекистон ташқи савдоси дефицит фонида ўсмоқда ва ҳар йили савдо дефицити аввалги рекордини янгиламоқда. Бу йил яна янгиланади. Савдо дефицити мувозанати қачон тикланиши борасида яқин прогнозлар йўқ. Иккинчидан, биздан фарқли равишда Қозоғистонинг ликвид ҳолатда сақланаётган 57 млрд.долларлик Миллий фонди ҳам мавжуд. Бизда эса ФРРУ ликвидлигидан асар ҳам қолгани йўқ. Яъни ташқи рисклар пайдо бўлганида, давлатнинг қўлида бюджет мувозанатини таъминлаш ва иқтисодий барқарорлик учун етарли миқдорда ички захиралар мавжуд. Халқаро молиявий институтларга, ҳар қандай ёрдамни сиёсий мақсадларида фойдаланадиган учинчи давлатларга мурожаат қилишга уларда эҳтиёж йўқ. Учинчидан, Қозоғистонда ташқи шокларга ва умуман шокларга нисбатан аҳолида ҳам, бизнесда ҳам кўникмалар ва тажрибалар мавжуд. Улар охирги 30 йилда камида 5 марта шокларни бошидан кечирган. Шунинг учун нафақат аҳоли ва хусусий бизнес, давлат корпорациялари ҳам эҳтимолий қора кунларга захиралар яратишни тўғри йўлга қўйишган.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin