Бозор тарифлари ҳам етарли эмас
Албатта аввал харажатларни қоплашга етадиган, кейин бозор қоидалари асосида ўрнатиладиган тарифларсиз сувни тежаш, сувни исроф этмай, асраб авайлашга бўлган чақириқлар ва шиорлар бир тийинга қиммат.
Сувни тежашга ёрдам берувчи технологиялар, сувдан самарали фойдаланишни ундайдиган воситалар учун асосий рағбатни бозор тарифлари белгилаши керак. Шунда истеъмолчилар у аҳоли бўладими ё бизнесми, иқтисодий афзаллик ёки самарасизлик қаршисида қолади ва табиийки афзаллик томон юра бошлайди.
Лекин бизнинг мисолимизда, айниқса минтақадаги қишлоқ хўжалиги фақат сунъий суғоришга асосланганлиги ҳисобга олинса, бу ҳам етарли бўлмайди. Чунки минтақа давлатларида сув бошида, ўртасида ё қуйи оқимда жойлашганига қараб турлича ёндашувлар худбинликларни ва кимўзарга исрофгарчиликларни келтириб чиқаради. Шунинг учун бозорга қараб қадам босиш сувга нисбатан тежамкор сиёсатнинг барча давлатларда ва вилоятларда баб баравар ва тенг амалга оширилиши керак бўлади.
Бошқача айтганда, сувга нисбатан сиёсат сув сероб Тожикистондам, сув камёб Туркманистондаям бир ва узвий бўлиши керак. Сирдарёнинг бошидаги Учқўрғондаям, Амударёнинг охири Мўйноқдаям ягона сиёсат, ягона ўлчовлар ишлаши керак.
Амударё ва Сирдарё бассейнидаги минтақа сувга рационал муносабатига қараб тараққиётга эришади ёки таназзулга юз тутади. Тарихдаям шундай бўлган.