Вируснинг ортга чекинмаётгани турли давра ва доираларда иқтисодиётни сақлаб қолиш керакми ёки одамларни, деган аҳлоқий дилеммани кун тартибига келтирмоқда.
Иқтисодий ҳаётни тўхтатиб қўйиб одамларни сақлаб қолиш керак, дегувчилар агар пандемия яна 2-3 ой давом этгудек бўлса, ҳеч бир давлатнинг захиралари бунга дош бера олмаслигини, иқтисодиёт ва турмуш тарзи меъёрлари кейин монетар, фискал чоралар билан тиклаб бўлмас даражада пастлаб кетишини, 3-4 ойдан кейин барибир катта қурбонларга боришга мажбур бўлиниши мумкинлигини инобатга олмаяптилар. Одамлар муҳим, дейилган нуқтаи назар эгалари юксак гуманизм принципларига асосланади.
Прагматиклар, улар орасида масалан Трампга ўхшаган давлат раҳбарлари ҳам бор, иқтисодиётни сақлаб қолиш, иқтисодиётга зиён келтирувчи чекловларни қўлламаслик тарафдори. Бу ҳолда аҳолининг аксар қисми вирусни юқтиради, медицинанинг сифатига қараб касалланганларнинг 1-5%гача қисми, асосан қариялар нобуд бўлади. Лекин одамлар, инсоният ўзида вирусга қарши иммунитет ҳосил қилади ва иқтисодиёт балластлардан қутулиб, аҳоли ёшариб янада баравж ривожлана бошлайди. Бундай позициядаги одамларни тушуниш ва таърифлаш учун менимча Достоевский бўлиш керак.
Сиз қандай фикрдасиз, деган савол туғилади. Мен ярим йўлда стратегияни ўзгартирмаслик фикридаман. Қайси давлат вирусга қарши қандай стратегияни ушлаган бўлса ўша стратегияни охиригача маҳкам тутиши керак. Ярим йўлдаги ортга қайтишлар кўпроқ зиён беради.
@the_bakiroo