30K164Telegramda ochish
Ғалати апелляция Президент мактаблари агентлиги ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари юзасидан апелляция топшириш мумкинлигини эълон қилди. Апелляция эълон қилиниши ва унинг формал мундарижаси моҳиятан жудаям ғалати туюлади. Биринчидан, имтиҳон топширган ўқувчилар тўплаган баллига қўшимча равишда "қабул қилиндингиз ё қилинмадингиз" деган мазмунда жавоб олдилар холос. Ихтисослаштирилган мактаблар қирқимида ўтиш баллари эълон қилингани ва ўқувчиларнинг ID рақами бўйича тўлиқ рўйхати очиқлангани йўқ. Кимгадир 0,4 балл, кимгадир, 20 балл етмаган бўлиши мумкин. Аппеляция топшириш мақсад-истаги ва ҳаракатини айни шу ҳолат кўпроқ белгилайди. Ўзи умуман натижалар тўлиқ ва батафсил очиқланмай туриб, апелляция эълон қилинишини биринчи марта кўришим. Иккинчидан, апелляция учун ариза формасида қуйидаги жудаям ғаройиб саволга жавоб бериш керак бўлади: "Apellatsiya jarayonida aynan qaysi savollar yoki javoblar ko'rib chiqilishi haqida ma'lumot yozing". Шу ўринда ҳурматли агентлик раҳбариятига тескари савол бермоқчиман, сизлар ўтган куни нонуштага нима овқат еганингиз ёки ўтган ҳафтада Тошкент вилоятига ташриф вақтида нималар деганингизни аниқ эслай оласизми? Энди сал инсоф билан айтинг, имтиҳон топширган ўқувчилар қарийб 1 ой ўтгандан кейин қайси савол ва қайси жавобни эслаб қола олиши керак? Имтиҳондан кейин саволлар рўйхатини очиқлаганингиз йўқ, Кечаги натижалардан кейин жавобларни эълон қилганингиз йўқсиз? Апелляцияга кираётган ўқувчи қайси ресурс билан кирсин? Комиссиянгиз олдиндан тайёрланган ва қуролланган бўлади. Ўқувчи-чи? Унда саволлар, сизлар тўғри деб билган жавоблар билан қайта танишиш ва сиз билан курашиб ҳақлигини исботлаш учун қанча вақт бўлади? Мантиқан хато тузилган ё хато таржима саволларни олдиндан тайёр бўлмасдан туриб қандай исботлаш мумкин? Ё агентлигингиздагилар 11 ёшли бола билан "бокс тушишни" норма деб ҳисоблашадими? Бошқаларни билмадим, менга бу кўринишдаги апелляция қуруқ формаллик учун эълон қилингандек кўринди.

Arxivda shunga yaqin