Апелляция ҳақида
Ихтисослаштирилган мактабларда ўтказилган имтиҳонлар бўйича апелляцияга ариза топшириш мумкинлигини эълон қилишган куниёқ, 20 августда ариза қолдирдим.
23 август куни 1206 рақамига қўнғироқ қилдим. Оператор аниқ куни ва соатини айта олмади.
24 август куни Агентлик апелляция 26 августдан бошланиши ва аризачиларга Агентликдан қўнғироқ қилиниши маълум қилинди. Лекин агентликдан 25 август куниям, 26 ва 27 август куниям қўнғироқ бўлмади. 1206 телефони эса ишламади.
Ниҳоят 28 август соат 10ларда 1206га туша олдим ва талабимга кўра, 29 август куни апелляцияга борадиган бўлдим (712074048 ишонч телефони ишламаганиниям қайд этиш керак). Эътиборлиси, апелляция агентлик кўрсатганидек, Президент мактабида эмас, Ал-Хоразмийда ўтказилаётган экан. Аризачиларга телефон қилинмагани ва апелляция жойи нотўғри кўрсатилганидан қанча одам чалғиганини ва апелляцияга келмаганини билмайман.
Демак, 29 август куни Ал-Хоразмийга бордим. Дарвозахонада телефон билан ичкарига мумкинмас дейишди, асос кўрсатасан деган талабимдан кейин, телефон билан киритишга мажбур бўлишди (бунгача 20тачаси ўзаро бир-бири билан қўнғироқлашди). Демак, аризачилар, мабодо шундай талаб қўйишса, улар ноҳақ, бемалол телефонингиз билан ичкарига киришингиз мумкин.
Ичкарида эътирозли саволларни суратга тушириш тугул, қоғозга ёзиб олишгаям рухсат беришгани йўқ. Ваҳоланки, ҳукумат тасдиқлаган қарор ва низомда бундай талаб мавжуд эмас. Эмишки, бу бўйича шикоят бўлса Агентлик директорига бериш керак экан. Ҳурматли Уббиев, сизга шу шикоят: қайси асосга кўра имтиҳонлардан кейин саволларни таҳлил ва ўрганиш учун ёзиб олиш мумкин эмас? Марҳамат қилиб, жавоб берсангиз.
Нима учун саволларнинг очиқланиши муҳим, ҳеч бўлмаса апелляция пайтида? Чунки саволларга методологик ва таълим стандартлари нуқтаи назаридан жуда кўп эътирозлар бор. Ота-оналар мутахассис эмаслар. Бу масала агентликка боғлиқ ва қарам бўлмаган педагоглар, мутахассислар, мустақил экспертлар тарафидан ўрганилиши зарур. Акс ҳолда, саволларни мураккаблаштириш билан боғлиқ ўйинлар ва манипуляциялар давом этаверади.
Кирганимдаёқ мени шокка туширган нарса барча 30та вариант бўйича калитнинг бир хил экани бўлди. Яъни, барча вариантларда 45 та саволларга жавобларнинг калити вариантларда ўзаро фарқланмайди. Шартли, cddabb...bcc каби. Айтайлик, потенциал фирибгар калитни қўлга киритиши кифоя, бу калит кимгадир берилса, қайси вариант тушишидан қатъий назар мос келаверади. Мазкур саволга агентликдан жавоб кутиш маъносиз. Ҳуқуқ идоралари масалани ўрганиши керак. Онгли равишдами, онгсиз равишдами, барча вариантларда бир хил калитларнинг қўланилилиши ўрадек коррупцион дарча қолдирган.
Апелляция вақтида битта тўғри жавоб ҳисобланмаганлигини тан олишди ва балл қўшиб берадиган бўлишди. Ўзи умуман, мен суҳбатда бўлган аризачиларнинг деярли ҳаммаси ҳеч қурса ҳисобга олинмаган битта жавоб қўштира олишди, исботлашди, тан олдиришди. Шундай экан, агар ариза топширган бўлсангиз, албатта боринг, охиригача курашиш керак. Фарзандларниям шунга ўргатиш керак.
P.S. Апелляция бугун тугайди, лекин умумий гатижалар ва ўтиш балларини кўрсатадиган мандат ҳалиям йўқ. Мандатни эълон қилмай ушлаб туришга ҳеч бир қонуний асос келтира олишмади (рухсат йўқмуш).
- https://t.me/piimauz/11618@piimauz
- https://lex.uz/docs/6479366lex.uz