Ўқитувчиларга қолган ўзбекистонликларникидан кам бўлмаган ўртача маош тилайман
Байрам куни ўқитувчи ва мураббийларимиз шарафига жуда кўп илиқ сўзлар айтилади. Албатта, устозларимиз ҳақига қанча сўз айтилса, шунча кам. Шунақа фикр борки, айнан устозларимизнинг олдида давлат ва жамиятнинг қарзи узиб бўлмас даражада кўплиги учун уларнинг касб байрамлари умумхалқ байрами деб эълон қилинган. Буям қарзни қайтариш йўли-да, пул билан тўлай олмагандан кейин.
Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисидаги қонун ҳам, гарчи ўзи мавжуд бўлган қонун нормаларининг дайджестидан иборат бўлса-да, қарзнинг пул тўламай қайтариш йўлидаги ҳаракатлардан бири холос. Агар ўқитувчи ҳақи адо қилинаётган бўлганида, ўқитувчи қолганларга тенг бўлганида ўқитувчи учун алоҳида қонунга зарурат бўлармиди?
Шу маънода мен умид қиламан, тепадагилар "Ўқитувчилар ижтимоий мавқеини кўтаришнинг ягона самарали йўли уларнинг даромадини ошириш" деган хулосага барибир келишади.
Ва бунда ўқитувчилар иш ҳақиси ҳозиргидек ўзбекистонликларнинг ўртача иш ҳақисидан 30 фоизга кам бўлмайди. Мен ишонаман, ўқитувчилар қолган ўзбекистонликлардан ҳеч бўлмаганда кам бўлмаган даромадга эга бўлишади. Ўшанда биз бутунлай бошқа Ўзбекистонда яшаётган бўламиз.
Байрам муборак!