Устав капиталини қайси банклар шакллантирмади?
Очиқланган маълумотларга кўра, 1 октябрь ҳолатига устав капиталини белгиланган минимум талабларига етказмаган фақат иккита банк қолган: Пойтахт банк ва Avo Bank (собиқ Ўзагроэкспортбанк).
AVO bank (собиқ Ўзагроэкспортбанк) депозит ва кредит операциялари тўхтатилган. Банкка устав капиталини белгиланган қонун талабларига мувофиқлаштириш бўйича энг охирги огоҳлантириш берилиб, муддат қўйилган.
Норасмий маълумотларга кўра, Пойтахтбанкнинг хусусийлаштириш жараёни яна фаол босқичга кирган, шунинг учун давлат (ягона акциядори Тошкент шаҳри ҳокимлиги) мазкур банкнинг капиталлашувини бўлажак инвестор зиммасига юклашни режа қилаётган бўлиши мумкин.
Россия Украинага бостириб киришидан аввал Россиянинг Экспобанки билан “Пойтахт банк” АЖнинг 100 фоиз давлат акция пакетларини хусусийлаштириш юзасидан келишув Меморандуми имзоланганди. Амалда мультимиллионер, Кипр ва Россия фуқароси Игорь Ким назорати остидаги Экспобанк билан битим реализацияси тўхтаб қолган. Давактив бу тўғрида расмий ахборот бермаётганига қарамай, норасмий манбалар банк учун араб давлатларида рўйхатдан ўтган янги инвестор топилганини қайд этишмоқда.