Фермер хўжалиги раҳбари Юлия Сергеева Президент пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида келгуси йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишда фермерлар муаммоси тингланганидан бағоятда хурсанд эканлигини таъкидлади.
"5 йил олдин чорвачилик соҳасида катта ҳажмдаги ислоҳотлар амалга оширилди. Ўшанда кўплаб тадбиркорлар, хусусан, мен ҳам қишлоқ хўжалигига сармоя киритгандик. Германия, Австрия ва Чехиядан чорва моллари келтирдик. Ўз ходимларимиз билан биргаликда Россияда ўқидик ва қишлоқ хўжалигида яхши натижаларга эришдик.
Афсуски, қуруқ сут маҳсулотлари импорти кўпайгани туфайли ишлаб чиқарувчиларнинг табиий сутга бўлган талаби пасайиб кетганди. Бахтимизга ҳукумат бизни эшитди ва бу муаммога эътибор қаратди", – деди тадбиркор.
Давлат раҳбари мажлисда сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш бўйича Ҳукуматга топшириқ берган эди.