“Менинг биринчи уйим” Зангиотада қурилади
Таклиф этилаётган қарор лойиҳасига кўра, "Менинг биринчи уйим” дастурининг биринчи босқичи тажриба-синов тариқасида Зангиота тумани “Туркистон” МФЙда бошланади. Дастур доирасида амалга ошириладиган қурилиш ишларини мувофиқлаштириш учун “Менинг биринчи уйим” дастурини амалга ошириш дирекцияси ташкил этилади.
Қуриладиган уй-жойлар аҳолига имтиёзли ва бозор шартларда реализация қилинади:
имтиёзли уй-жойлар охирги 5 йил давомида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган оилаларга, 15 фоиз миқдорда бошланғич тўлов асосида 20 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида реализация қилинади;
уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга имтиёзли уй-жойлар бўйича бошланғич тўловининг бир қисмини қоплаш учун – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, ойлик тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – беш йил давомида ҳар ойлик қатъий белгиланган 1 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратилади.
Қайд этилишича, Дастурнинг амалга оширилишида Туркия Республикаси давлат уй-жой бошқармаси (TOKI) билан ҳамкорлик қилинади. TOKI Туркияда кам ва ўрта даромадли оилалар учун ижтимоий уйлар қуриш бўйича катта тажрибага эга.