Қиммат олтинга қарамай 4 йилда биринчи марта олтин-валюта захираларимиз қисқарди
2023 йил якунларига кўра, халқаро захираларимиз қолдиғи 34 564, 7 млн.долларни ташкил этди. Бу 2023 йил 1 декабрдаги кўрсаткичдан 1 668,2 млн.долларга кўпроқ (захираларнинг валюта қисми +751,4 млн.доллар, олтин қисми +906,3 млн.доллар).
Лекин 2023 йил давомида олтин валюта захиралари қолдиғининг 1 202,9 млн.долларга камайгани қайд этилган.
Ўзи умуман жуда тез ўсиб бораётган импортга қарамай, захираларимизнинг қисқариши охирги марта 2018 йилда юз берганди. Унда ҳам асосий сабаб олтиннинг арзонлашуви бўлганди.
2023 йилда, айниқса унинг охирида олтин нархларининг янги максимумлари кузатилди. 2023 йил 1 январга 1 унция олтин 1 811,8 доллардан ҳисобга киритилган бўлса, 2024 йил 1 январга нархлар 2 063 доллардан ўтган. Лекин бу ҳам захираларимизнинг қисқаришини тўхтатиб қололмаган.
Янги даврнинг бошида олтин валюта захираларимиз 18-20 ойлик импортни қоплаш даражасида бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 8-8,5 ойгача тушган.