"Ишончли бошқарув"га берилган активлар бўйича нега ҳамма маълумот ёпиқ?
Агар эътибор берсангиз, Ўзбекистонда ишончли бошқарувга берилган активларнинг расмий рўйхатини ҳеч қаерда топа олмайсиз. На Давактивда, на Иқтисодиёт ва молия вазирлиги платформаларида бу бўйича очиқ маълумотлар бор.
Қандайдир тирқишдан бу тўғрида маълумот ололган бўлсангиз ҳам, ишончли бошқарувга топширилган актив бўйича давлат улушини ишончли бошқарувга бериш учун танлов, конкурс (ҳеч бўлмаса чўнтак ва гўзаллик конкурси) ўтказилганми, унда қачон, кимлар иштирок этган — ҳаммаси ёпиқ.
Битим бўйича Танланган бошқарувчи олдига қандай вазифалар қўйилган, KPIлар қандай, мукофот тўлаш ҳажми ва тизими нимага асосланган, билмайсиз.
Ишончли бошқарувга топширилган актив бўйича қарзлар қанчага ортаяпти, тушумга нисбатан қарз юкламаси қандай ўзгараяпти, молиявий натижалари динамикаси қандай, лом-лим дейилмайди. Токи бутун бошли шаҳар қишнинг қоқ ўртасида музлаб қолмагунича, масалан. На ҳисобот, на мониторинг, на аудит, на жазо, ҳеч нарса йўқ.
Қанақадир инвестицион мажбуриятлар, айтайлик, юқори октанли бензин ишлаб чиқариш, бардошли пўлат прокат ёки энергия самарадорлигини ошириш ё технологик янгилаш орқали таннархни камайтириш бўйича қўйилган талабларни ҳеч ким эсламайди. Чунки аввал бошданоқ ўзбек чиновнигиям, ишончли бошқарувга олаётган шоввоз ҳам билади: Мақсад бошқа!
Бу пайтда триллионлаб турадиган активни қўлга киритган шоввоз тўдаси билан корхонани бўғзигача қарзга ботира бошлайди, уч-беш карра қиммат шартномалар билан пулларни ўзининг аффилланган тузилмаларига ёки импорт контрактлар билан четга ҳайдашни бошлаб юборган бўлади. Чунки унга қанақадир мукофот ва ойлик қизиқмас. Ўғри мукофотга ва ойликка ишламайди.
Бир муддат ўтиб, ишончли бошқарувчининг асосий вазифаси бирон баҳона топиб, шартномадан чиқиб олиш ва сўриб олинган активни қайтариб бериш бўлади (ёки сувтекинга "прихватизация" қилиб олиш). Чунки энди миссия бажарилди. Баҳона топилмаса, ўртада турганлар чиройли сабаблар ҳам ясаб беришади. Айтайлик, "ишончли бошқарувга топширмаганимизда аҳвол бунданам бадтар бўларди қабилида". Қизиғи, шу шаблон баҳона-ю, сабаблар ўтади. Тўртта амалдор ташвишли қиёфа билан битта шаблон позицияни тўтиқушдек сайраб турса, ўтадиям-да.
- https://t.me/the_bakiroo/6024@the_bakiroo