Газ йўқлиги учун электрга юклама ошди, энди свет ўчириш бошланди
Кеча тармоқларда пойтахт ва унга ёндош туманларда газ ўчиб қолгани ё босим пасайганидан шикоят қилинган бўлса, бугун энг кўп шикоятлар свет ўчаётгани, свет кетгач, сув тўхтаб қолаётгани билан боғлиқ бўлмоқда.
Энергетика вазирлиги ниҳоят Газли электр тармоқларидаги авариядан 2 кун ўтиб, «Газли» компрессор станциясидаги 8 та ҳамда «Газли» газни қайта ишлаш заводига қарашли «Учқир» компрессор станциясидаги 2 та газ ҳайдаш агрегати тўхтагани магистраль газ қувурларида босимга етарлича салбий таъсир ўтказганини очиқлай бошлади.
Худди шундай энергетик тизимдаги занжирли узилишлар ўтган йили январь кризисида кузатилганди. Пойтахтга ёндош туманлардан бирида ҳокимлик туман аҳолисини бу ҳақда очиқ тушунтиришлар билан огоҳлантирмоқда:
"газ таъминоти тўхтаганлиги сабабли ҳудудларда электр энергиясига бўлган эҳтиёж ошди. Бунинг натижасида трансформатор шохобчаларида юклама (нагрузка) ошиши натижасида электр энергияси таъминотида авариявий узилишлар юзага келмоқда. Ҳозирги вақтда электр ускуналарини сақлаш ҳамда истеъмолчиларни электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида ҳудудларда чекловлар киритилмоқда".
Ҳозир вақтда энг тўғри иш шу. Муаммони хаспўшламай, камайтирмай, борича, ўз вақтида тан олиш керак. Кунига бир марта эмас, керак бўлса, ҳар уч соатда коммуникация каналларидан ахборот бериб борилиши зарур.