Газ биржа товарига айланиши керак
1200га яқин газ заправкаларининг айни дамда нечтаси ишлаяпти, деган саволга жавоб олишга уриниш бефойда. Нега ҳудудда фақат А заправкага газ бераяпсизлар, қолган 99 заправкага газ узатилмаяпти, деган савол-ку ёздаям, қишдаям умуман кун тартибида йўқ.
Кимга газ бериш, кимни газдан узиш ҳалиям кабинетда ўтирган чиновникларнинг севимли иши бўлиб қолмоқда.
Лекин нормал давлатда бундай бўлмаслиги керак. Дефицит товарнинг бизнесга тақсимоти, аҳоли истеъмолини чиқариб ташлаганда, биржада амалга ошиши зарур.
Иссиқхонага газ бериш муҳимми ё Азот заводига? Газзаправкага газ бериш керакми ё Оҳак заводига? Uzbekistan GTL'ни газ бермай 4 млрд.долларлик металлоломга айлантирамизми ёки бир гуруҳ чўнтаклар фойдасига газ экспортини амалга оширамизми? Бундай муқобил ёндашув бутунлай деструктив. Ҳатто большевиклар ҳам масалани бундай қўйишмаган бўлишарди.
Газ қазиб олиш қисқаришда давом этади (газ қазиб олишни кўпайтириш учун дея охирги 7 йилда ўзлаштирилган бир неча миллиард долларни турли эртак лойиҳалар тўқимай чўнтак пудратчилар счетига ўтказиб қўйиш камроқ зиён берарди). Фарқи шуки, 5 км чуқурликкача қазиб пул ўзлаштирганлар энди 7 кмгача қазиб пул ўзлаштиришади.
Дефицит кенгайса кенгаядики, тораймайди. Ким газ олишини, қанчадан олишини очиқ савдо, яъни биржа ҳал қилиши керак. Асосий вазифа шу бўлиши керак, чуқурликни 7 кмгача ошириш эмас.