Марказий банк ликвидлик таклифини янада оширади
Регулятор бугундан бошлаб пул бозоридаги таклифни кенгайтирадиган қатор ўзгартиришларни амалга киритаётганини маълум қилмоқда:
Биринчидан, ҳар душанба банкларга ликвидлик тақдим этиш бўйича 1 ҳафталик РЕПО аукционларини ўтказиш амалиёти жорий этилади.
Иккинчидан, тижорат банкларига ликвидлик тақдим этиш бўйича кун давомидаги кредит инструменти – банк тўлов куни ёпилгунга қадар фоизсиз кредит операциялари жорий этилади.
Учинчидан, Банклараро пул ва РЕПО бозорлари операцияларини банк тўлов куни ёпилганидан сўнг 30 дақиқа давомида амалга ошириш ҳамда Марказий банкнинг овернайт операцияларидан банк тўлов куни ёпилганидан сўнг 1 соат давомида фойдаланиш имкониятлари яратилади.
Тўртинчидан, Пул-кредит операцияларини амалга оширишда кредит хатарини минималлаштириш мақсадида ликвидликни тақдим этишга мўлжалланган операциялар бўйича гаров мулкига нисбатан 5 фоизлик чегирма қўлланилиши йўлга қўйилади.
Мазкур чоралар ликвидлилик таклифини яна оширади, аввал пул бозоридаги қисқа муддатли воситалар нархини, кейин эса узунроқ муддатдаги фоиз ставкаларининг аста-секин пасайиб боришига туртки беради.