25 ва 30 йиллик ипотека кредитлари пайдо бўладими?
Ипотека бозорининг тенденциялари кўрсатмоқдаки, меҳнат бозорига энди кираётган аҳоли қатламлари учун 25 ва 30 йиллик ипотека маҳсулотларининг пайдо бўлиши бу яқин истиқболда қабул қилиниши керак бўлган реалликлар.
Гап фақат қарз юки талабларининг қатъийлашаётганидамас.
Биринчидан, 20 йиллик ипотекалар ипотека кредити портфелининг 84,2%ига етган. 10 йилгача ва 15 йилгача ипотека маҳсулотига талаб йилдан йилга қисқармоқда.
Иккинчидан, дароомадларга нисбатан номутаносиб ўсаётган нархларга мутаносиб равишда молиялаштирилаётган ипотеканинг ўртача суммаси жуда тез ўсмоқда ва тез орада нафақат Тошкентда, вилоятларда ҳам белгиланган потологига етиб боради.
Учинчидан, банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратаётган ипотека кредитлари улушдаям, ҳажмдаям жуда тез ўсмоқда. Пул банкники бўлгач, қоидаларниям, хусусан муддатларниям ўзи мустақил белгилайди.
2023 йил якунлари бўйича ипотека бозорида яна қандай эътиборли ўзгаришлар юз берган?
Улушдор жисмоний шахсларга ипотека ажратиш кўпайган (кадастри йўқ, қурилаётган уйларга ипотека).
Айрим банклар ипотека кредитини маъқуллаш муддатини 5 кунгача қисқартирган ва суғурталаш тизимини бекор қилган (банк ҳисобидан суғурталаш ва суғурта мукофоти қийматини кредит танига қўшиш орқали).
Жиззах ва Сурхондарё каби ҳудудларда ипотека ажратиш 2022 йилга нисбатан камайган. Ипотека фаоллиги одамларнинг шу ҳудуд келажагига нисбатан ишончини ҳам белгилай бошлаган.
Марказий банк нарх пуфаги ҳақида тўхталиб, хўжаликларининг уй-жой билан таъминланганлик индекси (Housing unites per household) 1,02 га етгани, республикада мавжуд уй-жойлар сони уй хўжаликлари сонидан юқори кўрсаткичларни қайд этаётганига эътибор қаратган. Лекин оилаларнинг уй-жой билан таъминланганлик индекси 0,76 га тенг бўлиб қолмоқда.
Регулятор, шунингдек, расмий даромадга эга бўлмаган фуқароларга ипотека кредитлари ажратиш бошланиши, қарз юки кўрсаткичини марказлашган ҳолатда тартибга солиш амалиёти ўрнига тижорат банклари томонидан мустақил белгиланиши таклиф потенциали кам шароитда ипотека кредитлари яшаш
эҳтиёжи учун эмас, балки фойда олиш мақсадларида фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши мумкин деб ҳисобламоқда.