Исломий банклар фаолиятига хос молиявий барқарорлик хатарлари
Марказий банкнинг Молиявий барқарорлик шарҳида Исломий банк тизимини жорий қилишда молиявий барқарорликка таъсир кўрсатувчи айрим хатарлар санаб ўтилган.
1. Айрим исломий депозит маҳсулотлари киритилган сармоядан фойда кўришни ҳамда маблағнинг асосий қисми қайтарилишини кафолатламайди. Жалб этилган депозитлар бўйича даромадлилик даражаси исломий банкнинг инвестицион қарорларининг сифатига бевосита боғлиқ. Исломий банклар ва омонатчилар ўртасидаги шартнома келишуви, депозитлар бўйича олдиндан кафолатланган даромад даражасини белгиламайди. Исломий банк томонидан депозит маблағлари асосида сармоя киритилган корхонанинг зарар кўриши, омонатчилар маблағларининг йўқотилишига сабаб бўлиши мумкин.
2. Ликвидлиликни самарали бошқариш имкониятларининг мураккаблашиши. Исломий банклар анъанавий банклар каби банклараро пул бозоридаги фоизга асосланган операцияларда иштирок эта олмаслиги, уларнинг ўз ликвидлилигини самарали бошқаришдаги қийинчиликларни юзага келтиради. Ушбу муаммони бартараф этиш учун ислом банклари ликвидлиликни сақлашга тўғри келади. Бунда, ислом банклараро пул бозорининг жорий этилиши исломий банкларнинг ликвидлилигини самарали бошқаришга ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, марказий банклар томонидан вақтинчалик ликвидлилик муаммосига дуч келган исломий банкларга ликвидликни фавқулодда қўллабқувватлашни тақдим этиш орқали “сўнгги кредитор” вазифасини бажариш имкони чекланади. Сабаби, марказий банк томонидан анъанавий фавқулодда қўллабқувватлашда маълум фоиз ставкада кредит ажратиш тамойилидан фойдаланилади. Шунга кўра, марказий банк томонидан исломий банклар учун алоҳида исломий фавқулодда қўллаб-қувватлаш тамойилларга асосланган ҳолда ликвидлиликни тақдим этиш зарурати юзага келади.
3. Исломий банклар учун ислом депозитларини суғурталаш тизимини яратиш зарурати пайдо бўлади. Исломий банкларга бўлган аҳоли ишончини ва ислом депозитларининг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек исломий банкнинг муваффақиятсизликка учраган ҳолатларда омонатчиларнинг депозит маблағларини йўқолишини олдини олиш орқали молиявий тизим барқарорлигини таъминлашда ислом депозитларини суғурталаш тизимини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Исломий банк тизимини жорий қилишда, анъанавий банк тизимидаги депозитларни суғурталашдан фарқ қиладиган исломий депозитларни суғурталаш тизимини ишлаб чиқиш талаб қилинади. Бунда, ислом омонатларини суғурталаш жамғармаси шариатга асосланган воситаларгагина инвестиция қилиниши ва ундан фойдаланиш фақатгина рухсат этилган харажатлар учун бўлиши лозим.