23K76Telegramda ochish
Фуқароларга шахсий маълумотларини ўзлари назорат қилиши ва ҳимоялаши учун имконият берилиши керак Мана шунақа хабарларни ўқиганимда ўзбекистонликлар шу ҳолга тушмасликлари учун нима қила оладилар, деб савол бераман. Афсуски, ҳеч нарса. Яна қанча ўзбекистонлик ўз номига кредит олингани ё кафил бўлганидан, телефон рақам расмийлаштирилганидан бехабар? Биз шахсий маълумотларимизни ҳеч кимга бермаганимиз билан банкларда, суғурта, солиқ ташкилотларида, чегарадан ўтишда, уяли алоқа компанияларида қолдирганмиз. Бу маълумотлардан ким қандай фойдаланади, кимларга, қай мақсадларда бериб юборади, сиз кузатиб, назорат қилиш имкониятига эга эмассиз. Масалан, ўтган йили номимга шахсий маълумотларимдан ноқонуний фойдаланган ҳолда иккита рақам расмийлаштирилган (бу бўйича ҳеч ким жазоланмагани алоҳида масала, улар бутун бошли мафияга айланиб кетганга ўхшайди). Нима деб ўйлайсиз, ўзимиз ўзимизнинг шахсий маълумотларни сақлашимиз, асрашимиз учун қанақадир ечим борми? Бор. Масалан, ҳар йили шахсий маълумотлари ўғирланадиган ўн минглаб жабрдийдаларни ҳимоялаш учун "UzIMEI тизимига уланган рақамлар" хизматини жорий қилиш кифоя. Лекин қилишмайди. Сиз нима деб ўйлайсиз? Ягона интерактив давлат хизматлари порталида "номингизга очилган банк карталари" хизматини жорий қилиш қийинми? Ёки сизнинг "номингиздаги кредитлар, кафилликлар тўғрисидаги маълумотларни" йўлга қўйса бўладими? (пуллик кредит тарихини айтмаяпман). Ҳа, огоҳликка чақириш, эҳтиёткор бўлишга чақириш яхши, бу керак, лекин энг мақбул йўл фуқаролар шахсий маълумотларини ўзлари назорат қилиши ва ҳимоялаш тизимини яратиш ҳисобланади. Айниқса, ҳатто ID карталар ҳам ксерокопиядан ўтказиб, олиб қолинадиган Ўзбекистонда.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin