Карталар сонига қўйилган чекловдан қандай натижаларга эришилди?
Ўтган ҳафтада 2025 йил 1 январдан жорий этилган битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача чеклаш қоидалари яна муҳокама мавзусига айланди.
Шахсан ўзим ҳам ўтган куни айни шу чеклов туфайли янги карта оча олмадим. Номимда 23та карта очилган экан (роса уриниб ҳам тўлиқ рўйхатни шакллантира олмадим). Табиийки, бундай муаммоли ҳолат битта менда эмас.
Биринчидан, орадан 10 ой вақт ўтганига қарамай карта фойдаланувчиларида уларнинг номида очилган карталар ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконсизлигича қолмоқда (MyGovUz орқали масалан). Ўзи фирибгарликка қарши энг катта зарба шу йўл эди, лекин афсуски, худди UzIMEI балоси билан бўлгани сингари, кўр-кўрона тақиқдан фирибгарлар эмас, оддий фойдаланувчилар жазоланди. Бориб ёпиш учун қайси банкда менинг номимга бебилиска карталар очилганини ҳеч қурса билишим керак, тўғрими?
Иккинчидан, банкларга жисмоний шахсларнинг карталари (шу жумладан виртуал) бўйича 12 ой давомида ҳеч қандай операция амалга оширилмаган бўлса, карта эгасини хабардор қилган ҳолда уларни блоклаш топшириғи бажарилгани йўқ. Айтайлик, менинг номимга кимдир карта очволиб, 12 ой ишлатмаган бўлса, у карта блокланиши ва ёпилиши керак эди.
Учинчидан, банк карталарини ёпишда масофавий онлайн имкониятлар амалда биронта банкда йўқ. Нафақат жисмонан карталар бўйича, виртуал карталар бўйича ҳам. Бўлган тақдирда ҳам фойдаланувчи аввал қайси банкда унинг номида карта борлигини билиши керак.
Яъни, тақиқ қўйишга қўйилди, лекин амалда қандай натижа ва мақсадларга эришилди? Шу мақсад ва натижаларга тақиқ қўймасдан, оддий истеъмолчиларни жазоламасдан эришиш мумкинмиди, деган саволга ҳеч ким жавоб бергани йўқ.
P.S. Энг ёмони учинчи шахслар номига карта очиб олиш муаммоси ечилгани йўқ.
- https://t.me/the_bakiroo/9491@the_bakiroo
- https://www.gazeta.uz/uz/2025/09/11/cards/gazeta.uz