Статистика бўйича "арзонлаган пропан" ва методология ҳақида
Статагентликнинг эътирозларида инфляцияни ҳисоблаш методологияси бўйича тушунтиришлар берилган. Методология мавжудлигини ҳеч ҳам рад этмасдан, тўлиқ тан олган ҳолда, менда доим унинг қандай ишлатилаётгани савол остида бўлган.
Масалан, июнь ойида пропан нархлари биржада 15%дан зиёд қимматлаган, чакана нархлар ёқилғи қуйиш тармоқларида 12-15%га ошган. Лекин Статагентлик июнь ойида пропаннинг 1,9%га арзонлаганини эълон қилган.
Июль ойида пропан нархлари биржада 25%дан зиёдга қимматлаган, чакана шохобчалардаги нарх эса 30%гача ошган. Айни шу ойдаги инфляция ҳисоботида Статагентлик пропан нархлари 3,8%га қимматлаганини кўрсатган.
Хўп, мутахассисларни қўя турайлик, истеъмолчи сифатида биржа ва шохобчалардаги нархларга ишонайликми ё Статагентликнинг чиройли рақамларига. Табиийки, ҳар бир ўзбекистонликда нега бундай, вазни қанақа олинди, методологияси ўзгардими деган савол эмас, яққол ишончсизлик пайдо бўлади. Гап фақат пропанда эмас, масалан, охирги ойда гўштнинг сезиларли қимматлашуви билан ҳам шундай вазият юзага келган (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳам гўшт нархлари тўғрисидаги маълумотларни ўзгартирмасдан, "маҳкам ушлаб келмоқда").
Статистика, худди эски даврдагидек, "халқни эмас, тепани алдаш учун аслида" деган қарашлар илдиз отмаслиги учун, яна қайтараман, чуқур ва кенг маълумотлар берилиши лозим. Керак бўлса, нархлари фавқулодда ҳиссиётли товарлар ва хизматлар бўйича алоҳида кузатувлар (танлама манзиллари билан) ва ҳисоб китоблар натижалари ҳар ҳафта очиқланиб борилиши зарур.