Ўқувчи ўрни етишмовчилиги 1,6 млн.дан ошиб, 1,7 млн.га яқинлашган
Кечаги матбуот анжуманидан янграган рақамлардан келиб чиқилса, Ўзбекистонда мактабларда ўқувчи ўрни етишмовчилиги 1,6 млн.дан ошиб, 1,7 млн.га яқинлашган. Маълумот учун, ўтган ўқув йили бошланиши арафасидаги ҳисобларда, ўқувчи ўрни етишмовчилиги 1,5 млн.дан ошган эди.
Афсуски, Давлат раҳбарининг 2024 йилда 250 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича топшириғи яна бажарилмаган. Вазирга кўра, бу йил 180 минг ўқувчи ўрни яратилади.
Аввалроқ, ҳар йили 500 минг ўқувчи ўрни яратишдек улкан режалар эълон қилинган, лекин бу режалар Стратегик вазифалар қаторига қўшилмай қолган.
Яна бир салбий тенденция бу ўқувчи ўринлари яратишнинг қимматлашиб бораётгани билан боғлиқ. Вазир ўринбосари келтирган рақамларга ишонилса. бир ўқувчи ўрни яратиш 29,5 млн сўмдан 39,3 млн.сўмгачани ташкил этади (330 ўринли мактаб 13 млрд сўмдан ортиқ суммага, 528 ўринлиги 18,5 млрд сўмга, 660 ўринли мактаб 19,5 млрд сўмга тушади).
Мен сизларга яна бир ҳисобни айтаман. Айтайлик, 4 млрд.долларгача қимматлаштирилган, бўйнигача қарз ва зиёнда бўлган GTL Uzbekistan ўрнига мактаблар қурилганида ўқувчи ўринлари ўрни етишмаслиги муаммоси узил-кесил ҳал қилинган бўларди. Шундай экан, фарзандингиз учинчи сменага бораётган бўлса ёки парта етмайдиган 40та бола ўқиётган синфда ўқиётган бўлса, кимни лаънатлашни ва қандай қарғашни жуда яхши биласиз.