Телевизор ва ҳаёт яқинлашадими?
Индинга ўтадиган дебатлар фақат телеканалларда намойиш этиларкан. Бу дебатларга нисбатан ишончни оширмайди, назаримда.
Чунки ўзбек телевидениясига қаралса, масалан, Украинада уруш йўқ ёки Бойсунда ҳалиям баҳор. Телевидениядаги ва онлайн ОАВлардаги хабарлар кун тартиби 180 градусга фарқланади. Ҳаётимизни айтмасаям бўлади.
Масалан, мен кўп мулоқотда бўлган ва ҳурмат қиладиган одамлар аллақачон телевизор кўрмай қўйган. Телевиденияни самарасиз пропаганда ва натижа бермас манипуляция воситасига, қийшиқ ойнага айланиб қолганини дебатга киришаётганлар инобатга олиб қўйсалар зиён қилмайди. Халқдан мандат олишни истовчиларга телевидения сифатли тескари алоқа платформаси эмас.
Шу маънода балки, ўзбекистонликларнинг партиялар чиқишларига нисбатан рўйи-рост муносабатини билиш учун дебатлардан жонли эфирни ютубга ҳам қўйиш керакдир.
Яна мен билмайман, индинга дебатларда нимани муҳокама қилишади. Айтайлик, фермерларнинг пахтасини нархини мажбурлаб туширишдан тадбиркорларни светини узиш билан қўрқитиб қуёш панелига мажбурлашгача, давлат йўлини пулли йўлга айлантиришдан Бойсундаги офат оқибатларигача масалалар муҳокама этиладими ёки йўқми?