Ойлик инфляция тезлашган: Ёқилғи ва муҳим озиқ-овқатлар нархи сезиларли даражада ошишда давом этмоқда
Сентябрда ойлик инфляция тезлашиб 1,2%ни ташкил этган, йиллик инфляция эса ўтган йилнинг юқори базаси ҳисобига 10,5% даражасида қолган.
Ой давомида Озиқ-овқатлар 1,4%, ноозиқ-овқатлар 0,8%, хизматлар 1,5%га қимматлаган.
Муҳим озиқ-овқатлардан мол гўшти 3,1%, тухум 3,0%, қўй гўшти 2,8%, кунгабоқар ёғи 2,1%га қимматлаган. Совуқ тушмасдан туриб, кенг истеъмолдаги бодринг 19,6%га, сабзи 15,6%га, помидор 11,3%га қимматлаган. Тарвуз ва пиёз нархи тикланишни бошлаган (баҳордаги пиёз ортиқча ишлаб чиқариш куз ва қишда пиёз дефицити билан алмашиниши мумкин).
Ўқув йили бошланиши билан ижара ҳақининг кескин 5,5%га ошиши қайд этилган.
Дори воситалари инфляциядан юқори даражада қимматлашишда давом этмоқда (1,6%).
Расмийларга кўра, ой давомида пропан 15,7%га, бензин 0,8%га, метан 0,5%га қимматлаган.
Статагентлик бензин нархи вазнида асосий истеъмолдаги ва нархи ўсишдан тўхтамаётган 80 шиптир лақали бензин улушини қандай олаётган қизиқ. Улар билишадими, "Хусусийлаштирилган" UNG Petro шохобчаларида тушдан кейин 6900 сўмлик бензин йўқ (вилоятларда умуман йўқ). Биржадаги (тил бириктириш белгилари яққол кўриниб турган) котировкалар ўсиши заправкалардаги нархларда ҳам акс этмоқда.
Олдинда куз, кейин доимий хавотир билан кутилаётган қиш.
Марказий банк прогнозларида белгиланганидек, йил якунида умумий инфляциянинг 9 фоиз атрофида шаклланиши учун ёқилғи ва озиқ-овқатлар нархининг ўсишдан тўхтамаётгани етарлича тўсқинлик қилиши мумкин.
Антимонополия органлари жазолаш-ку майли, тийиқсиз монополистлардан ёқилғи нархлари борасида, ҳеч бўлмаса, ҳажм, ҳисоб ва тушунтириш сўрамаса, мақсадли инфляцияни чиройли даражада чизишга тўғри келади.