Ойлик инфляция яна 1%дан юқори даражага қайтди
Сентябрь якунларига кўра ойлик инфляция 1,1%ни ташкил этган. Ўтган йилнинг тегишли даври юқори базаси эвазига йиллик инфляция 10,8%гача пасайган.
Ой давомида озиқ-овқатлар 1,2%га, ноозиқ-овқатлар 0,7%га, хизматлар эса 1,5%га қимматлаган.
Озиқ-овқатлар тарикбида тухум (2,4%) ва гўшт (1,8%) нархларининг ўсиши баландлигича қолмоқда. Энг зарурий мева-сабзавотлар орасида картошка (7,8%), пиёз (16,2%), помидор (14,0%), бодринг (12,4%) нархлари жуда тез ошиб бормоқда.
Хизматлар орасида гарчи ҳис этилаётган кўрсаткич каррасига баланд бўлсада, ижара ҳақлари 2%га қимматлагани қайд этилган. Кутилганидек таълим соҳасидаги хизматлар жуда юқори - 5,7%га ошган. Коронакризис давридан бери ҳукумат томонидан калтакланаётган меҳмонхона ва ресторанлар хизматлари 1,6%га қимматлаган. Эътиборлиси, ушбу соҳада нарх-навонинг ошиши йиллик ҳисобда озиқ-овқатлар нархларининг ошишини ҳам ортда қолдирмоқда.